Ливия можароси: Ҳафтар Москвадаги музокарадан кетиб қолди
Олам
−
14 Январь 2020
8141Аввалроқ, Ливия бирдамлик ҳукумати раҳбари Фаиз Саррож ва генерал Халифа Ҳафтар Москвада учрашиб, музокара ўтказиши ҳақида хабар берган эдик. Музокараларда Россия ва Туркия вакиллари ҳам иштирок этиши белгиланганди.
“2+2” шаклида ўтказилган музокаралар якунида Ливия миллий армияси генералиХалифа Ҳафтар Фаиз Саррож билан ярашув битимини имзоламай Москвани тарк этган. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.
Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москвадаги якуний ҳужжатни Ливиядаги можаронинг бир нечта иштирокчилари имзолаганини, Ҳафтар эса ўйлаш учун қўшимча вақт сўраганини маълум қилганди.
Москвада ўтган музокараларнинг асосий масаласи Саррож ҳукумати ва Ҳафтар ўртасида яраш битимини имзолаш бўлган. Бунгача ҳужжатни Саррожнинг ўзи ва Олий давлат кенгаши раҳбари Ҳолид Мишри имзолаганди.
Маълумот учун, Россия Президенти Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи давомида мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан Ливия масаласини муҳокама қилганди.
РФ-Туркия мулоқотидан кейин Ливия Миллий армияси генерали Халифа Ҳафтар Триполи атрофида ўт очиш ҳаракатлари тўхтатилгани ҳақида эълон қилди. Бу режим маҳаллий вақт билан 12 январь кунининг илк дақиқаларидан амал қила бошлади.
Қайд этилишича, ўт очишни тўхтатиш режими шартларига Ҳафтарнинг душманлари - Фаиз Саррож бошчилигидаги Ливия миллий келишув ҳукумати ҳам ҳарбий ҳаракатлардан чекинган ҳолда амал қилинади.
Ўз навбатида Саррож ҳам мамлакат ғарбида ўт очиш тўхтатилгани ҳақида эълон қилди. У ҳам “агар бошқа томон ҳужум бошласа, жавоб қайтарилиши”ни қайд этиб ўтган.
Туркия бундан аввалроқ, Фаиз Саррож сўровига кўра, Ливияга қўшин юборишни маъқуллаб, аскарларини Африка мамлакатига жўнатганди. Эрдўған Ливияга қўшин юбориши мумкинлиги ҳақида гапирганда “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясининг 2 минг аскари ЛМА тарафда жанг қилаётганини таъкидлаб ўтганди.
Ливиядаги вазиятни барқарорлаштириш учун Италия ҳам томонларни учраштирмоқчи бўлди бироқ Римдаги учрашув сўнгги паллада бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ливияда бугунги кунда қўшҳокимиятчилик давом этяпти. Мамлакат ғарбида БМТ томонидан тан олинган Фаиз Саррож бошлиқ Миллий бирдамлик ҳукумати, шарқида сайланган парламент ҳокимияти ўрнатилган. ЛМА ва Халифа Ҳафтар шарқдаги парламент ҳокимияти билан ҳамкорлик қилади.
Ливияда давом этаётган қўшҳокимиятчилик ва унга барҳам беришга бўлган ҳаракат натижасида кўплаб инсонларни қони тўкиляпти. Маршал Халифа Ҳайтар ва унинг Ливия миллий аримияси пойтахт Триполини олишга уриниши мамлакатдан кескинликни ошириб, гуманитар инқирозни муқаррар қилиб қўйганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь