Ливанда бир ҳафтада қарийб 700 минг киши уйини ташлаб кетди

Олам

image

Яқин Шарқдаги кескинлашув сабаб, Ливанда бир ҳафта ичида қарийб 700 минг киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди. Сўнгги 24 соат ичида эса 100 мингдан ортиқ одам кўчишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти хабар берди.

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлигининг Ливандаги вакили Каролина Линдхолм Биллингнинг айтишича, мамлакат бўйлаб 667 мингдан ортиқ киши кўчирилган сифатида рўйхатга олинган.

Унинг таъкидлашича, Исроилнинг ҳаво ҳужумлари ҳамда қатор ҳудудларда эълон қилинган оммавий эвакуация огоҳлантиришлари минглаб оилаларни қисқа вақт ичида уйларини тарк этишга мажбур қилган.

БМТ вакилига кўра, кўплаб одамлар деярли ҳеч қандай буюм ололмай, шошилинч равишда қочиб кетган. Уларнинг аксарияти Байрут, Ливан тоғлари, шимолий ҳудудлар ва Бекаа водийсида вақтинчалик бошпана изламоқда.

Ҳозирда кўчирилганларнинг 120 минг нафари ҳукумат томонидан ташкил этилган жамоавий бошпана жойларида яшамоқда. Қолганлар эса вақтинча қариндошлари ёки дўстларининг уйида яшаяпти ёки ҳали ҳам тураржой изламоқда.
 
БМТ маълумотига кўра, можаро бошланганидан буён 78 мингдан ортиқ суриялик Ливандан Сурияга қайтган, шунингдек 7,7 мингдан ортиқ ливанлик ҳам Сурия ҳудудига ўтган.

Ливан расмийлари 2 мартдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида камида 486 киши ҳалок бўлганини, 1313 киши жароҳатланганини маълум қилди. UNICEF маълумотига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 84 нафар бола бор.

БМТ Ливандаги гуманитар вазият тобора оғирлашаётганини таъкидлаб, халқаро ҳамжамиятни мамлакатга тезкор ёрдам кўрсатишга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон қўллаб-қувватлайдиган “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи билан уруш кескинлашиб бораётган бир пайтда Исроилнинг кенг кўламли ҳаво ва қуруқлик операциялари оқибатида Ливанда ўнлаб одам ҳалок бўлганди.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ Яқин Шарқ UNICEF Ливан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг