Ливан жанубига отилган ракета БМТ қароргоҳига келиб тушди
Олам
−
28 Октябрь 2023 11800 2 дақиқа
Ливан жанубига отилган ракеталардан бири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Муваққат кучлари (UNIFIL) қароргоҳига келиб тушди. Бу ҳақда UNIFIL расмий вакили Андреа Тененти маълум қилди.
"Яхшиямки, ҳеч ким жабрланмади, аммо моддий зарар етди. Ҳозир "Мовий дубулғалилар" қўмондонлиги воқеа учун қайси томон жавобгарлигини аниқламоқда", деган у.
Тенентининг қўшимча қилишича, бу Ливан жанубидаги уч ҳафталик ҳарбий кучайиш давомида UNIFIL штаб-квартирасига биринчи марта ракета тушиши эмас. Унинг сўзларига кўра, бошқа тинчликпарвар объектлар ҳам зарар кўрган.
"Биз барча томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга ҳамда тинч аҳоли ва UNIFIL ходимларининг хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳар қандай ҳаракатларни тўхтатишга чақирамиз, чунки тинчликпарвар кучларга ҳужумлар халқаро ҳуқуқни бузиш ҳисобланади", дейди БМТ расмийси.
Билдирилишича, ҳужумларга қарамай, UNIFIL ўз позицияларида қолмоқда ва кескинликни камайтириш ҳамда хавфли тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун томонлар билан фаол ишламоқда.
Маълумот учун, “Ҳизбуллоҳ” жангарилари ва Исроил армияси ўртасидаги сўнгги можаро 2006 йилнинг ёзида Ливан жанубида содир бўлган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг 1701-резолюцияси чегарада ўт очишни тўхтатиш режимини ўрнатган. У,ни ҳозирда 36 давлатдан 12 минг тинчликпарвар кучлари кузатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 октябрь куни ҳам Ливан жанубидаги БМТ тинчликпарвар миссияси қароргоҳига ракета келиб тушганди.