Литва Бош вазири истеъфога чиқяпти

Олам

image

Литва Бош вазири Гинтаутас Палуцкас ҳукумат раҳбари ҳамда Литва Социал-демократик партияси раиси лавозимидан истеъфога чиқмоқда. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбаларига таяниб, LRT хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, ушбу маълумотни кейинчалик Литва Президенти Гитанас Науседа ҳам тасдиқлаган. У Палуцкас истеъфо ҳақида шахсан ўзига эрталаб қўнғироқ қилиб, маълум қилганини айтган. 

“Бугунги янгилик шундан иборатки, Палуцкас эрталаб менга қўнғироқ қилиб, истеъфога чиқаётганини айтди”, деган мамлакат Президенти. 

Нашрга кўра, Палуцкас партия раҳбарлигидан ҳам кетмоқда. Эндиликда партия раҳбарлиги Палуцкаснинг собиқ биринчи ўринбосари, Жонава тумани мэри Миндаугас Синкявичюсга ўтади.

Палуцкаснинг ўзи ОАВга берган интервьюсида бу гаплар ростлиги, тез орада расмий равишда лавозимидан озод бўлиши ҳақида гапирган. 

“Тахминан бир соат олдин Президентга Бош вазирлик лавозимини тарк этиш қароримни билдирдим. Тез орада расмий тартиб жараёни бошланади. Қолаверса, партия раислигидан ҳам кетишга қарор қилдим”, деган Палуцкас. 

Палуцкас ўз интервьюсида ҳамкор коалиция партияларига, ҳукуматдаги жамоасига ва Президентга билдирган ишончи ва ҳамкорлиги учун миннатдорлик билдирган. У истеъфосининг сабабларини оиласидаги вазият билан боғлаган. 

“Мен оилам бошидан кечираётган ҳолатларга чидай олмаяпман. Ҳуқуқ ва ахлоқ чегаралари бузилиб, ҳужумлар хотиним ва оиламга қаратилмоқда. Улар бу воқеаларнинг гаровига айланишига йўл қўя олмайман”, деган Палуцкас. 

Маълумот учун, Палуцкас Литванинг Бош вазири сифатида 2024 йилнинг декабрида лавозимга киришган. У Литва Социал-демократик партиясидан бўлиб, бошқа икки партия билан коалиция тузган. У мудофаа соҳасига катта эътибор қаратиб, ҳарбий бюджетни сезиларли даражада оширишни таклиф қилган. Шунингдек, Хитой билан дипломатик алоқаларни тиклаш тарафдори бўлган.

Бироқ у бошчилик қилган ҳукуматда можаро юзага келган, айниқса коалициядаги бир партия етакчисининг антисемитизмга оид баёнотлари жамоатчилик норозилигига сабаб бўлган. Кейинчалик Палуцкаснинг ўзи молиявий шаффофликка оид айбловларга учраган – унга ноқонуний кредитлар, ер сотувлари ва ёлғон битимлар билан боғлиқ даъволар қўйилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Литва Гинтаутас Палуцкас

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг