Лавров “Толибон” вазири билан гаплашди
Олам
−
23 Июль 2736 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бугун, 23 июль куни Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматида ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Россия ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Россия ТИВ маълумотларига кўра, томонлар рус ва афғон халқлари ўртасидаги азалий дўстлик ва яхши қўшничилик анъаналарини қайд этган.
Шунингдек, Лавров ва Муттақий икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш, жумладан, терроризм ва наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда ўзаро манфаатдор эканини таъкидлаган.
Маълумот учун, июль ойи бошида Россия Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукуматини тан олган дунёдаги биринчи давлат бўлди. Апрель ойида Россия Федерацияси Олий суди “Толибон” ҳаракатининг Россиядаги фаолиятини тақиқлашни тўхтатди. Деярли бир йил аввал, 2024 йилнинг май ойида Россия Ташқи ишлар вазирлиги ва Адлия вазирлиги Путинга шундай таклиф билан мурожаат қилган эди. 2024 йилнинг декабрида Владимир Путин “Толибон”ни Россияда тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқаришга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бунгача Россияда рўйхатдан чиқариб ташлаш механизми йўқ эди.
“Толибон” ҳаракати 2003 йилда Россияда террорчи ташкилот сифатида тан олинган. 2021 йилнинг августида Афғонистондан Америка қўшинлари олиб чиқиб кетилганидан кейин у ҳокимиятни қўлга олди. Ўшандан бери “Толибон” вакиллари мунтазам равишда Россияга боради. Путин бу ҳаракатни Москванинг терроризмга қарши курашдаги “иттифоқчиси” деб атади.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь