Лавров НАТО қўшинларининг кўчирилишидан чўчимоқда
Олам
−
28 Июль 9455 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров НАТО кучларининг Узоқ Шарққа кўчирилишини яқин ўн йилликдаги энг муҳим хавф сифатида баҳолади. Бу ҳақда у бугун, 28 июль куни “Территория смыслов” форумидаги чиқишида гапирди.
Лавровга кўра, бу ҳаракатлар минтақадаги хавфсизлик мувозанатини издан чиқаради ва Россия ҳамда Хитойга қарши қаратилган.
Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Ҳинд-Тинч океани стратегиялари аслида Хитойни жиловлаш, Россияни изоляция қилиш ва Жануби-Шарқий Осиёда шаклланган очиқ ҳамкорлик тизимларини парчалашга қаратилганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, НАТО ҳарбий инфратузилмаси Жанубий Хитой денгизи, Тайвань бўғози ва Корея яриморолига кўчирилмоқда.
Россия дипломати минтақада “квартетлар” ва “тройкалар” – масалан, АҚШ-Япония-Жанубий Корея иттифоқи каби коалициялар вужудга келаётганини айтган. Бу иттифоқ КХДР атрофида ҳарбий машғулотлар ўтказмоқда ва Пхеньянга нисбатан ядровий таҳдид воситаларини ишлаб чиқмоқда. Яна бир мисол сифатида у AUKUS альянсини – Австралия, Буюк Британия ва АҚШ иттифоқини келтирган. Бу иттифоқнинг мақсади Австралия учун ядро сувости кемаларини қуришдир.
Лавров НАТО Япония ҳудудида алоҳида ваколатхона очишни режалаштираётганини ҳам танқид қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Politico” нашри НАТОдаги манбага таяниб, Вашингтон Европада жойлашган АҚШ ҳарбийларининг 30 фоизини қайта жойлаштиришга қарор қилиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.