Лавров МДҲ давлатлари Россия аннексиясига қандай муносабатда эканини айтди

Олам

image

Россиянинг МДҲдаги ҳамкорлари Украинанинг Донбасс минтақасида айирмачилар томонидан тузилган тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Запорожье ва Херсон вилоятларининг РФга қўшилишининг объектив реаллигини тушунади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шундай фикр билдирди.

Остонада “референдум”лар натижаларига кўра тегишли ҳудудларни Россияга қўшиб олиш масаласи муҳокама қилиндими, деган саволга жавоб берар экан, вазир Москва овоз беришга тайёргарлик кўриш ва плебисцитлар ўтказиш жараёнида барча ҳамкорларни хабардор қилганини таъкидлади.

“[Улар] ҳеч қандай савол беришмаяпти. Бу объектив воқелик эканини ҳамма тушуняпти”, дейди Россия ТИВ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, 23-27 сентябрь кунлари Запорожье вилоятининг босиб олинган ҳудудида, шунингдек, тан олинмаган ДХР ва ЛХР ҳамда босиб олинган Херсон вилоятида “Россияга қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар” ўтказилди. Запорожье вилоятида протоколларнинг 100 фоизини қайта ишлаш натижаларига кўра, қўшилиш тарафдори 93,11 фоиз, Херсон вилоятида – 87,05 фоиз, ДХРда – 99,23 фоиз, ЛХРда – 98,42 фоиз.

Референдум натижаларини халқаро ташкилотлар, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, НАТО каби тузилмалар тан олмади ва уни ноқонуний деб атади.

30 сентябрь куни эса Путин Украинанинг Донбасс минтақасидаги тан олинмаган Луганск ва Донецк халқ республикалари ҳамда Херсон ва Запорожье вилоятларини Россияга қўшиб олиш, аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни имзолади.

Бунинг ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 12 октябрь куни Россия ўзини мустақил деб эълон қилган “ДХР” ва “ЛХР” ҳамда босиб олинган Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказган “референдум”ни қораловчи резолюцияни қабул қилди. БМТга аъзо 193 давлатдан 143 таси резолюция учун овоз берди. Беш давлат қаршилик қилган – Беларусь, Шимолий Корея, Никарагуа, Сурия ва Россия. Овоз беришда 35 давлат, жумладан, Хитой, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қозоғистон бетараф қолган. Овоз беришда 10 та давлат, жумладан, Озарбайжон, Туркманистон ва Венесуэла қатнашмаган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "референдум"лардан кейин эълон қилган баёнотида расмий Тошкент ўзга давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров

Баҳолаганлар

208

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг