Латвияда сиёсий инқироз: Бош вазир истеъфога чиқди

Олам

image

Бугун, 14 май куни Латвия Бош вазири Эвика Силиня ва унинг ортидан бутун ҳукумат истеъфога чиқди. Бу ҳақда у брифинг чоғида журналистларга маълум қилди.

“Мен истеъфога чиқяпман, лекин таслим бўлаётганим йўқ ва кетмаяпман. Мен ва “Янги бирлик” партияси Латвия халқига, биз билан бирга Европа қадриятларини ҳимоя қилган барчага берган ваъдаларимизни бажаришда давом этамиз”, дейди у.

Силиня рақибларини масъулиятдан устун келган “сиёсий ҳасад ва тор партиявий манфаатлар”да айблаган. 

“Мудофаа вазири лавозимига кучли номзодни кўргач, сиёсатчилар инқирозни – ҳукумат инқирозини танладилар”, дейди собиқ бош вазир.

Бундан аввал Силиня Украина дронлари билан боғлиқ ҳодисалар туфайли истеъфога чиққан Андрис Спрудс ўрнига полковник Райвис Мелнисни Мудофаа вазири этиб тайинлашни таклиф қилган эди.

Силинянинг таклифидан сўнг “Прогрессивлар” партияси ҳукуматни энди қўллаб-қувватламаслигини эълон қилди. “Яшиллар ва деҳқонлар иттифоқи” коалицияси эса Силиня бошчилигидаги ҳукумат амалда қулаганини, техник ёки озчилик ҳукуматини тузиш имкониятлари тугаганини ва янги ҳукуматни шакллантириш бўйича музокараларни бошлаш зарурлигини билдирди.

“Менинг мақсадим аниқ эди: мамлакат тараққиёти, халқ фаровонлиги ва хавфсизлиги, токи болаларимиз ўз уйларини, ўз мамлакатлари – Латвияни қадрласинлар! Партиялар ва коалициялар ўзгаради, лекин Латвия қолади, одамлар шу ерда қолади”, дейди у.

Спрудс истеъфога чиққанидан сўнг, Силиня бу қарор нафақат дронлар билан боғлиқ сўнгги ҳодисаларни, балки мудофаа секторидаги кенгроқ вазиятни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинганини айтган. У Латвия миллий мудофааси ва хавфсизлиги учун ЯИМнинг 5 фоизи ажратилганини ва одамлар “натижаларни – хавфсизликни, аниқликни ва давлат тезкор ҳамда профессионал ҳаракат қила олишига ишончни талаб қилишга ҳақли” эканини таъкидлади.

Шунингдек, у Украинанинг учувчисиз учиш аппаратларига қарши курашиш тизимларини ишлаб чиқиш борасидаги тажрибаси етарлича тез татбиқ этилмаганини, ваҳоланки Киев ўз билимлари билан бўлишишга тайёр бўлганини айтди.

Эвика Силиня сиёсий фаолиятини 2011 йилда Ички ишлар вазирининг юридик маслаҳатчиси сифатида бошлаган. 2013–2019 йилларда ИИВ парламент котиби, 2019 йилдан эса Бош вазир котиби бўлиб ишлаган. 2022 йил декабрдан 2023 йил сентябргача Фаровонлик вазири лавозимида бўлган. 2023 йилда Латвия Бош вазири этиб сайланган ва ушбу лавозимни эгаллаган тарихдаги иккинчи аёлга айланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош вазир Латвия Эвика Силиня

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг