Квадробика. Болалар ҳайвонлашяптими?
Интервью
−
29 Октябрь
7199Мушукларни боқиш, уларга меҳрибонлик қилиш, эркалаш яхши. Аммо унинг хатти-ҳаракатларини такрорлаш-чи. Яъни мушукдек яшаш, мушукка тақлид қилиш, ўзини мушукдек тасаввур қилиш. Ҳа, дунёда шундай инсонлар бор – квадроберлар.
Тошкентда квадроберлар пайдо бўлди. Жорий йилнинг 10 октябрь куни Тошкент шаҳрида ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган “квадробер” учратилган, 11 октябрда эса яна бир “квадробер” итга тақлид қилган ҳолда йўловчиларга ҳужум қилган. Воқеага гувоҳ бўлган бола эса қаттиқ қўрқиб кетган. Шундан сўнг, Ички ишлар вазирлиги огоҳлантириш билан чиқиб, ҳайвонга тақлид қилган болаларнинг ота-оналари огоҳлантирилганини маълум қилди. Даставвал буни икки боланинг шўхлиги сифатида қабул қилиб, унга ортиқча эътибор беришни лозим топмагандик. Аммо Ички ишлар вазирлиги 23 октябрь куни ҳам яна бир огоҳлантириш билан чиқиб, вояга етган квадроберлар 15 суткага қамалишини айтди.
Ички ишлар вазирлиги нега бунча ваҳима қиляпти, икки боланинг ортидан дарров бу ҳолатга жазо ҳам топишибди, дерсиз? Йўқ, бу ташвишлар, кетма-кет огоҳлантиришлар бежизга эмас экан. Ҳолатни чуқурроқ ўрганганимизда, кводроберлик ёшлар, айниқса болалар орасида авж олаётганининг, квадроберлик аксессуарлари дўконларда бемалол сотилаётганининг, ҳатто реклама қилинаётганининг гувоҳи бўлдик.
Жамиятимизга сездирмай кириб келган бу қандай маданият бўлди? Унинг қандай хавфлари бор? Охири нима бўлади? QALAMPIR.UZ бугун мана шулар ҳақида сизга батафсил гапириб беради.
Квадробер лотинча quattuor – тўрт ва инглизча aerobics – аэробика сўзларидан олинган бўлиб, ҳайвонларнинг хатти-ҳаракатлари ва одатларига тақлид қилувчи одамларнинг, асосан болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий ҳаракати билан тавсифланган ҳодиса. Улар мушук ёки ит каби ҳайвонларнинг костюмлари ва ниқобларини кийиб, тўрт оёқлаб юришади.
“Квадробер болаларнинг жуда кўпчилиги ҳозирги кунда мушук ва кучукларга тақлид қилишади. Ҳайвонлар билан даставвал ўйнайди, кейин эса уларнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилишни бошлайди. Улар бу билан одамларнинг эътиборини тортишга уринишади. Афсуски, квадроберликнинг кейинги босқичларида улар алоҳида квадроберлар овқатланадиган жойларга бориб, ҳайвонлар овқатини ейишлари мумкин. Улар энди ўзларини тўлақонли равишда тўрт оёқли ҳайвон сифатида тутишни бошлашади ва бу билан ҳайвонлашиб кетиши ҳам мумкин. Хорижий мамлакатларда ҳатто квадроберлар одамларга ҳужум қилган ҳолатлар ҳам бор”, деди мустақил тадқиқотчи Зиёда Акбарқулова.
Квадроберлар ўзларининг бу субмаданиятга қизиқишларини – бу шафқатсиз реаллик ва жамият босимидан (societal pressure) қочиш билан изоҳлашган. Уларнинг айтишича, айрим феъл-атвордаги болалар жамиятга қўшилиб кета олмайди. Чунки жамият уларнинг кичик хатоси учун ҳам катта жазо беради, устидан кулади ва ноқулай аҳволга солади. Бундан қўрққан болалар эса одамлардан узоқлашиб, алоҳидаланиб, эътибордан четда қолиб кетади. Мутахассислар эса болаларнинг бу йўлга кириб қолишига асосий сабабчи бу уларнинг ота-оналари эканини айтмоқда. Чунки улар ўз фарзандларига беэътибор бўлиб қолган, болалар билан кам мулоқот қилади ва уларга турли ноқулай вазиятларда ўзини қандай тутиши кераклигини ўргатмайди.
“Квадроберлик айнан ўсмирлик пайтида кузатилади ва эътиборсиз қолган болалар ўртасида авж олади. Бу муаммо ота-оналар учун ҳақиқатдан ҳам муаммо. Кўплаб Европа мамлакатларида, ҳатто Шарқ мамлакатларида ҳам дастлабки квадробер одамлар аллақачон шаклланиб бўлган”, деди мутахассис.
Квадроберликка қизиқиш – болаларнинг уларга етишмаётган қўллаб-қувватлаш ва бор ҳолича қабул қилишларига интилишлари билан боғлиқ. Буни оиласида ёки дўстлари даврасида топмаган болалар шу каби жамоаларнинг аъзоси бўлишга интилишади. Улар бу жамоада ўз ҳамфикрларини топиш, каттароқ нарсанинг бир қисмидек ҳис қилишларига ва ёлғизлик ҳамда тушунмовчилик туйғусидан халос бўлиш учун одатда шу йўлга кириб қолишади. Ўзбекистондай мамлакатда, бир болага етти маҳалла ота-она дейиладиган мамлакатда эътиборсиз бола бормикан дерсиз. Бордирки, бугун квадроберларнинг кийимлари бемалол дўконларда сотиляпти. Масалан, шундоқ Uzum Market’га кирсангиз, бундай маҳсулотлар нафақат болалар учун, балки катталар учун ҳам сотилаётганининг гувоҳи бўласиз. Квадроберлик мумкин эмас-у, квадроберликни тарғиб қилиш, маҳсулотларини сотиш мумкинми?
Болаликда янги йил байрамларида сиз ҳам ҳайвонлар либосларини кийиб, уларнинг тилидан шеърлар айтгандирсиз. Ҳайвон боқиш, уларга ғамхўрлик қилиш бу квадроберлик эмас. Ота-оналар буларни фарқламоғи керак. Яъни болаларнинг ҳайвонлар билан дўст бўлиши бу уларни меҳр ва масъулият ҳиссини уйғотади. Бунда болалар ҳайвонларга ғамхўр сифатида ўзини намоён этиши керак, квадроберликда эса ҳайвон сифатида намоён қилади.
Бугун Ўзбекистонда квадроберлик жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиш сифатида тоифаланмоқда. Унга кўра:
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 ми сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади”, дейилган ИИВ хабарида.
Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такрор содир этилган бўлса, БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Мазкур ҳаракатлар билан фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ва жамоат тартибини бузиш , фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорлик) БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга қамоққа олишга ҳам сабаб бўлади.
Хўш, шундай экан нега кводроберлар жазоланяпти? Модомики улар эътибордан четда қолган болалар экан, уларга кўпроқ психологик кўмакка, реабилитацияга муҳтож эмасми?
Гап шундаки, квадроберликнинг олди олинмаса, жамиятда кўплаб нохуш ҳолатлар юзага келиши мумкин. Масалан, Япониянинг Токио шаҳрида яшовчи 32 ёшли муҳандис Тору Уеда ҳақиқий бўри либосини тиктириш учун 3 миллион иена тахминан 261 млн сўм сарфлаган. Японлар фикрича, у одам бўлишдан чарчаган ва бўрига айланганда ўзини эркин ҳис қилган.
“Костюмимни кийганимда, ўзимни одам эмасдек ҳис қиламан. Мен инсоний муносабатлардан озодман. Мен иш ва бошқа нарсалар билан боғлиқ барча муаммоларни унутишим мумкин. Ойнага қарасам, бўрини кўраман ва бу жуда ҳаяжонли”, деб изоҳ берган бўри қиёфасидаги эркак.
Бу ҳолат Япония учун янгилик эмас. Аввалроқ ҳам ҳайвонга айланишни орзу қилган Япония фуқароси, 15 минг доллар сарфлаб итга айланган.
2023 йилнинг сентябрь ойида Германияда 100 га яқин одам ўзларини ит деб эълон қилишларини талаб қилиб увлай бошлаган. Қолаверса, квадробитка Россия, Қозоғистонда ҳам авж олмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасини эслатиб ўтган. Ушбу моддага кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир.
Шу сабабли ҳам Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни огоҳликка чақирмоқда. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.
LiveБарчаси