“Болалар кўксига шамол тегадими?”. Болалар омбудсманига бир қатор ҳуқуқлар берилмоқда
Жамият
−
22 Ноябрь 2023
4733Болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳасида келтирилган.
Мазкур қонун лойиҳаси билан Болалар омбудсманига бир қанча ҳуқуқлар берилмоқда:
- парламент мажлисларида Болалар омбудсмани маърузаси ҳар йили эшитилиши кўзда тутилмоқда. Бу ваколат орқали Болалар омбудсмани бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида эътибор қаратилиши зарур бўлган долзарб муаммоларни парламент майдонига олиб чиқади ва уларнинг ечими бўйича таклифлар беради;
- болалар омбудсманига мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш ва тақдимномалар киритиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундай ҳуқуқ Болалар омбудсмани фаолияти таъсирчанлигини оширади. Хусусан, бу бола манфаатларини бузилишига йўл қўйган ҳар қандай мансабдорга тегишли чора кўрилишига эришиш имконини яратади;
- болалар омбудсманининг Олий Мажлис, Конститусиявий суд, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси мажлисларида иштирок этиш ва масалалар киритиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мазкур ҳуқуқ орқали Болалар омбудсмани парламентда, ижро органларида ва судларда бола ҳуқуқларини махсус ҳимоя қилади, мазкур органлар эътиборини айнан бола манфаати устунлигига қаратади;
- суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятларга оид қабул қилган қарор, ҳукм (ажрим)лари тўғрисида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Бундай хабардорлик натижасида болаларга қарши жиноят фактлари яширилиши, бундай ишларнинг қонунга зид равишда тугатилиши, тергов қилинмаслиги ёки судда кўрилмаслиги олди олинади;
Шу билан бирга, қонун билан Болалар омбудсманига:
- вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш;
- боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш Ҳамада тиклаш мақсадида суд жараёнларида иштирок этиш;
- ҳукм билан танишиб, бола манфаатидан келиб чиқиб, прокуратурага ҳукм устидан протест билдириш ҳақида мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилмоқда.
Ҳозирда парламентда мазкур Қонунни депутатлар томонидан мутасадди идоралар мутахассислари ва илмий жамоатчилик вакиллари иштирокида иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёни кетмоқда.
Маълумот ўрнида, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 октябрь куни Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилини (Болалар омбудсманини) лавозимига Сурайё Раҳмонова Маҳмудовна номзоди тасдиқланганди. Бунга қадар Бола ҳуқуқлари бўйича омбудсман лавозимини Алия Юнусова Туйғуновна эгаллаб келган ва ўтган ойда ўз фаолиятини якунлаганди.