Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида қонун қабул қилинди
Жамият
−
15 Ноябрь
2169Кеча, 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун имзоланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Билдирилишича, қонун 5 боб ва 51 моддадан иборат бўлиб, қонун билан болага нисбатан зўравонлик тушунчаси ва жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари унинг янги шакллари – ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар ҳам эътироф этилмоқда.
Шунингдек, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун тегишли ҳуқуқий, маъмурий, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа чораларни кўриши, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиши ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаши ҳамда уларни ижтимоий мослаштириш учун зарур бўлган самарали чоралар кўриши қонунан белгиланмоқда.
Хусусан, мутасадди органларнинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид махсус ваколатлари, ўзаро ишлаш механизми ва масъулияти доираси кўзда тутилмоқда.
“Муҳими, қонун билан нафақат зўравонликдан жабр кўрган болаларни ҳимоя қилиш, балки зўравонлик хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш ва уларга нисбатан зўравонлик хавфларини бартараф этиш тизими йўлга қўйилмоқда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, 21 октябрь куни Президент томонидан имзоланган 978-сонли қонун билан Ўзбекистонда болаларга нисбатан унинг яқин қариндошлари томонидан оилавий зўравонлик содир этганлик учун жавобгарлик белгиланганди. Мазкур қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси ва Жиноят кодексининг 126-1-моддаси болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш нормаси билан тўлдирилди.
LiveБарчаси