Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига қўшимча 14 триллион сўм ажратилади
Жамият
−
10 Июнь
5503Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларига ўтган йилги 14 триллион сўмга қўшимча яна 14 триллион сўм ажратилиши белгиланди. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳамда энергетика соҳаси объектлари куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, тайёргарлик бўйича ҳар бир маҳалладаги ҳақиқий аҳвол ўрганилган, туманлар кесимида дастур ишлаб чиқилган.
“Энди “муддат кам эди, маблағ бўлмади”, деб баҳона қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея мутасаддиларни огоҳлантирди Президент.
Йил бошидан вилоятларда 250 та авариявий ўчиш боис айрим жойлардаги истеъмолчиларга электр барқарор етказилмагани таъкидланди. Чунки баъзи кўп қаватли уйлардаги электр қутилар ва ундаги симлар муддатини ўтаб бўлган. Мутасаддиларга бу борадаги камчиликларни тўлиқ бартараф этиш топширилди.
Ишларни энг оғир маҳаллалардан бошлаб, йил якунигача 30 минг километр тармоқ, 10 мингта трансформаторни яхшилаш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, иссиқлик электр станциялари барқарор ишлаши, аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жорий йилда кўмир қазиб чиқаришни янада кўпайтириш ва бу борада 8 миллион тонналик кўрсаткичга интилиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, мазут ва кўмир икки йилга бождан озод қилинади. Кўмир импорти учун уч йил муддатга револьвер кредитлар берилади.
Мутасаддилар ва ҳокимлар олдига яқин муддатда аҳоли ва ижтимоий соҳа учун 1 миллион 200 минг тонна, йил якунигача яна шунча кўмир етказиб бериш, 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.
Қайд этилишича, ҳозирда қатор маҳаллаларда газ босими паст, йўқотишлар юқори экани қайд этилди. Бу маҳаллалардаги хонадонларнинг газ таъминотини уч босқичли тизимдан икки босқичлига ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, октябрь-декабрь ойларида истеъмолчиларга 163 минг тонна суюлтирилган газ етказиш топширилди. Вилоят ҳокимларига 300 дан зиёд олис маҳалла учун кўмир, суюлтирилган газ ва асосий турдаги озиқ-овқат захирасини яратишга топшириқ берилди.
Куз-қиш мавсумида аҳолини иссиқлик ва ичимлик суви билан кафолатли таъминлаш учун қозонхона, қозон ва иссиқлик тармоқларини яхшилаш, сув тармоқлари ва насосларни таъмирлаш вазифалари белгилаб олинди.
Умуман, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида Энергетика вазирлиги раҳбарлари ҳудудларга бириктириладиган бўлди.
Ушбу раҳбарлар жойларда ишларни ташкил қилишга ҳамда ҳар бир носозлик ва аварияларни зудлик билан бартараф этишга масъул бўлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь