Кушербоевнинг ҳафсаласини пир қилган мажлис. Иноятов нега уни гапиртирмади?

Жамият

22 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2023 йил учун мамлакатнинг энг муҳим, долзарб ва йирик ҳужжати бўлган “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланиб юборилди. Қизиғи, бу мажлисда депутатлар қонундаги камчиликлар ҳақида гапириш ўрнига Президентнинг Олий Мажлис палаталарига йўллаган Мурожаатномаси ҳақида кўпроқ гапирди.

Шунингдек, улар кимнидир туғилган куни, байрами билан табриклашга улгурди, лекин қонунни биринчи ўқишда юзага келган камчиликлар ва эътирозлар ҳақида ҳеч ким, ҳеч қандай изоҳ билдирмади. 

Масалан ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербоев спикер ўринбосари Улуғбек Иноятовдан қайта-қайта сўз сўрашига қарамай, йиғилишга раислик қилаётган Иноятов унинг гапиришига рухсат бермади. Шу сабали Кушербоев йиғилишдан чиқиб кетган.

 “Тўғриси, мен биринчи ўқишда чиқиб кетган эдим. Мажлисни бошқариб борувчи спикер ўринбосари Улуғбек Иноятов очиқчасига сўз бермади. Туриб, залда [ҳаммага] эшиттириб сўз сўрадим, аммо бюджет бўйича менга сўз бермади. Сабаби бюджет билан танишиб чиқиш учун вақт ҳам берилмади, жуда қисқа вақт берилди. Сўз беришмаганидан, фикр билдириш имконияти бўлмаганидан кейин, бунақа йиғилишда нима қиламан, деб чиқиб кетдим. Иккинчи ва учинчи ўқишларда Бўка туманидаги бир масала бўйича рухсат олиб кетган эдим. Тўғриси ўзим ҳам киришни хоҳламадим. Сабаби таклифни эшитишмаса, фикрни, эркинликни хоҳлашмаса, унда нима фойда? Бирор бир таклифим, фикрим инобатга олинишига ишонч бўлмагани учун қандай хоҳлашса, шундай ўтказаверишсин дедим”, дея Кушербоев ўз фикрини билдирди QALAMPIR.UZ’га.

Шунингдек, у бу қонун бюджет кодекси талабига кўра, 15 октабрь кунигача депутатларнинг қўлига берилиши кераклиги, лекин атиги бир ҳафта олдин берилганига ҳам ўз муносабат билдирди.

“15 октябрда беришнинг ўзи қийин. Чунки йилнинг охири, ҳали ҳисоб-китоблар тўлиқ чиқмаган бўлади. Уни ҳам тушунса бўлади. Берилганида ҳам 7-10 кун танишиб олиш ҳисобга олиб вақт берилиши керак. Лекин, ҳар йили шу такрор бўлади. Яъни, жуда қисқа вақт берилгани учун биз депутатлар қонуннинг ичига киришга улгурмай қоламиз. Чунки бюджет ҳажми жуда ҳам катта. Нимага ҳукумат аъзолари парламент депутатларига доим бунақа муносабат қилишади, буни сира тушунмайман", деди у.


ЎзЛиДеПнинг яна бир депутати Дониёр Ғаниев ҳам “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокамасининг 1-ўқишида “UzAutoMotors”га берилаётган имтиёз – 225 млрдлик субсидия бўйича қаттиқ эътироз билдирган ва Олий Мажлисда яхши маънода “жанжал” ҳам кўтарганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ депутат Расул Кушербоевнинг депутатликдан кетаётгани, Дониёр Ғаниевнинг эса унинг кетишини қўллаб-қувватламаслиги ҳақида хабар қилган эдик.

Айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бошқа аъзолари, спикер Нурдинжон Исмоилов, Қўмита раислари, спикер ўринбосарлари, Кушербоевга сўз бермаган Иноятов ва ЎзЛиДеП раиси Актам Хаитов ҳам чуқур сукутда. Парламентдан Кушербоевнинг кетишига ва у қўйган масалаларга нисбатан муносабат бўлаётгани йўқ. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

819

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг