“Кўрдим, чироқни ёқ!”: Қашқадарёда сайлов участкасидаги ҳолат прокуратурага топширилди (видео)

Жамият

image

Кеча, 22 декабрь куни Қашқадарё вилояти Миришкор туманида овоз бериш тугаши билан чироқ ўчганда сайлов комиссияси аъзолари овоз бериш қутисига сохта бюллетенларни ташлашга уринди. Мазкур ҳолат тасвирланган видеони блогер Каримберди Тўрамурод Facebook`даги саҳифасига жойлаштирди.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Миришкор тумани Жейнов шаҳарчасидаги 850-Каттапой сайлов участкасида олинган видеода овоз бериш тугугач, электр энергияси узилиши билан Қашқадарё вилояти кенгаши депутатлигига номзод бўлган Абдувоҳид Турдиалиевич Бегалиев фойдасига тўлдирилган бюллетенлар боғлами сайлов қутисига ташлаб юборилгани ҳақида айтилган.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси ўрганиш ўтказиб, маълумот берди.

“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 146-моддасида сайлов комиссиялари аъзолари томонидан сайлов ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни атайлаб нотўғри ҳисоблаш учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жиноят кодексининг 10-моддасида қилмишида жиноят таркибининг мавжудлиги аниқланган ҳар бир шахс жавобгарликка тортилиши шарт деб таъкидлаб ўтилган.

Хабар ва унга илова қилинган видеотасвирдаги маълумотлар ҳуқуқий баҳо берилиши учун Миришкор туман прокуратурасига тақдим этилди.

Қайд этиб ўтиш жоизки, Сайлов кодексининг 96-моддасида сайлов давомида йўл қўйилган, овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарликлар сабабли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари бўйича ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги белгиланган”, дейилади Қашқадарё вилояти сайлов комиссияси хабарида.

Эслатиб ўтамиз, сайлов участкасида электр узилиши ҳолати Тошкент шаҳрида ҳам кузатилди. Пойтахтда Юнусобод туманидаги 10 та сайлов участкаси вақтинча электр энегиясисиз қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қашқадарё сайлов

Баҳолаганлар

137

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг