Кулеба референдум фонида Россияга санкцияларни кучайтиришни сўради
Олам
−
21 Сентябрь 2022
4055Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россия Федерацияси назоратидаги ҳудудларда референдум ўтказиш нияти фонида Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди. Бу ҳақда у кеча, 20 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессиясининг юқори даражадаги ҳафталиги доирасидаги Демократия ва иқтисодий тараққиёт ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 39-йиғилишида сўзлаган нутқида сўз очди.
Украина дипломатияси раҳбари грузиялик, озарбайжонлик ва молдовалик ҳамкасбларини жанговар ҳудудлардаги вазият, Украина ва ҳамкорларнинг вақтинча босиб олинган Украина ҳудудларини озод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ҳақида батафсил маълумот берган. У Грузия, Озарбайжон ва Молдовага Украинага инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорлик билдирган.
“Дмитрий Кулеба Украинага қарши жиноятлари учун Россия Федерациясига қарши халқаро санкцияларни кучайтириш масаласини, хусусан, Москванинг вақтинча босиб олинган Украина ҳудудларида псевдореферендумлар ўтказиш нияти контекстида кўтарди. Вазир Россия санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиши мумкин бўлган бўшлиқларни ёпиш муҳимлигини таъкидлади”, Украина Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Ташқи ишлар вазири, шунингдек, ҳамкасбларига экспертлар гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган Киев хавфсизлик шартномаси концепцияси ҳақида батафсил гапириб берган.
Кулеба Грузия, Озарбайжон ва Молдовани Россиянинг Украинага қарши урушидан зарар кўрган Украина ҳудудларини янгилашда иштирок этишга таклиф қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 20 сентябрь куни (тан олинмаган) Луганск халқ республикаси ва Донецк халқ республикаларининг Россия таркибига кириши бўйича референдум жорий йилнинг 23-27 сентябрь кунлари ўтказилиши бўйича қарор қабул қилинди.