Кулеба эртага Хитойга боради
Олам
−
22 Июль
4513Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба 23-25 июль кунлари Хитойга ташриф буюради. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу ташриф Кулебанинг хитойлик мавқедоши Ван Ининг таклифига биноан режалаштирилган. Музокараларнинг асосий мавзуси Россия агрессиясини тўхтатиш йўлларини излаш ва Хитойнинг тинчликка эришишдаги мумкин бўлган роли бўлади. Шунингдек, томонлар икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашади.
“Bild” нашрининг ёзишича, Хитой, Украинага бостириб киришига қарамай, Россия билан яқин сиёсий ва иқтисодий ҳамкорликни давом эттирмоқда. Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари Пекинни Россия агрессиясини қораламаганликда ва Россияга фуқаролик ва ҳарбий мақсадларда қўлланилиши мумкин бўлган икки томонлама маҳсулотларни етказиб беришда давом этаётганликда айбламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба НАТОга қўшилиш учун мамлакат яна 75 йил кута олмаслигини айтиб, мамлакат альянсга аъзо бўлсагина тинч ухлашини айтганди. Шунингдек, Кулеба Россия билан музокаралар бўлишини, аммо бу Кремль томонидан қўйилган ультиматумларсиз амалга ошишини таъкидлаганди.
LiveБарчаси