Кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш 10 тадан 9 та ҳолатда тузалиш имконини беради
Саломатлик
−
22 Октябрь
2496Кўкрак бези саратонининг эрта – биринчи-иккинчи босқичларида 10 тадан 9 та ҳолатда хасталикдан халос бўлиш имкони мавжуд. Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази бўлим мудири Лола Алимхўжаева маълум қилди ва ушбу хасталикнинг олдини олиш ва самарали даволаш юзасидан ўз тавсияларини берди.
ЖССТ маълумотига кўра, дунё бўйича ҳар йили 2,3 миллиондан ортиқ аёлга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилади. Шунга қарамай, ривожланган мамлакатларда 40 ёшдан ошган аёллар ўртасида бу касалликдан ўлим кўрсаткичини 90 фоизга камайтиришга эришилмоқда.
Аммо баъзи кам даромадли давлатларда ушбу хасталикдан омон қолиш даражаси 50 фоиз ва ундан кам. Ваҳоланки, БМТ 2040 йилга келиб, кўкрак бези саратонидан 2,5 миллион нафар аёлнинг ҳаётини сақлаб қолиш ташаббусини илгари сурган.
Мутахассисга кўра, бу патология асосан 45-65 ёшда ривожланади. Шу сабабли айни ёшдаги аёлларни режали маммографик текширувлардан ўтказиб туриш зарур.
Билдирилишича, Ўзбекистонда ҳам ушбу йўналишда тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентнинг “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида мамлакат бўйлаб 45-65 ёшдаги аёллар кўкрак бези саратони скринингидан ўтказилиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, ҳар йили 1,5 миллионга яқин 45-65 ёшдаги аёлларни шундай текширувлар билан қамраб олиш чоралари кўрилмоқда.Чунки кўкрак бези саратонини вақтида аниқлаш орқали бемор ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. Шунинг учун шифокорлар 50 ёшдан ошган аёлларга ҳар йили маммографиядан ўтишни тавсия қилади.
Ўзбекистонда ушбу ёш тоифасидаги қарийб 3 миллион аёл истиқомат қилади. Бу хасталикнинг тарқалиш кўрсаткичи ҳар 100 минг нафар аҳолига нисбатан 12 нафарни ташкил этади.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кўкрак бези саратонининг эрта – биринчи-иккинчи босқичларида 10 тадан 9 та ҳолатда хасталикдан халос бўлиш имкони бўлади.
Шу боис маммографик текширувлар қамровини кенгайтириш бўйича “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури 17-мақсадида ҳам алоҳида чора-тадбирлар белгиланган.
Бунга кўра, кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш тизими жорий қилиниб, туман тиббиёт бирлашмалари 14 та маммограф ускунаси билан жиҳозланади ва улар республика ягона ридинг тизимига интеграция қилинади.
Мобил ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун 4 та врач радиолог ва 175 та рентген-лаборантлар учун штат бирликлар ажратиш чоралари кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Грижа” хуруж қилганда уқалаш муолажасини амалга ошириш мумкин эмаслиги ва шу борада бир қатор маслаҳатлар берилганди.
LiveБарчаси