Кўкрак бези саратони эркакларда ҳам учрайди. Профессор Лола Алимхўжаева билан суҳбат
Интервью
−
03 Апрель 2021
18387Кўкрак бези саратони эркакларда ҳам учрашини биласизми? Ўзбекистонда йилига камида 6 нафар эркак ушбу хасталикка чалинишини-чи? Бу ҳақда Республикаси онкология илмий маркази Онкомаммология бўлими раҳбари, Республика бош маммологи, профессор Лола Алимхўжаева QALAMPIR.UZ’нинг “Жим туринг” лойиҳасида маълум қилди.
“Кўкрак бези саратонига чалиниш нафақат Ўзбекистонда, балки бошқа давлатларда ҳам биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили 1,5 миллион аёлда сут бези саратони аниқланади. Статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, кўкрак бези саратонига чалинган ҳар 100 нафар беморга бир эркак тўғри келади. Эркакларнинг ҳам кўкрак бези саратонига чалиниш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сабаб бугунги кунда кўкрак безига чалинаётган 100 беморнинг уч нафари эркакларга тўғри келаётган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Бир йилда камида 6 нафар эркакда кўкрак бези саратонини аниқлаймиз. Бу эркаклар ҳам аёллар каби даволаниш босқичларидан ўтади. Кимё терапияси, гармон, операция... Бироқ, эркакларда ушбу касалликнинг ўта хавфли тури учрайди. Кўпчилик биринчи босқичда эмас, касалликнинг энг оғир даври – тўртинчи босқичда мурожаат қилади. Чунки ўз вақтида сезишмайди”, дейди мутахассис.
Маълумки, бугунги кунда қадамда спорт залларга, фитнес-клубларга дуч келамиз. Уларда кўпчилик йигитлар мушакларини бақувват қилиш учун турли кимёвий воситалардан тайёрланган коктейлларни истеъмол қилади. Профессор Лола Алимхўжаевага кўра, ушбу воситалар ҳам эркакларда кўкрак бези саратони вужудга келишига сабаб бўлиши мумкин.
“Кўп йигитларимиз спорт залларига бориб, билиб-билмай турли коктейллар истеъмол қилишади. Бу коктейллар таркибида эса гармон, эстроген моддалар жуда кўп. Булар эса саратон ҳужайраларини кучайтириб юборади. Мушакларни шишираман, қоматим чиройли бўлади деб, касаллик орттириб олганларини билмай қолишади”, дейди у.
Кўкрак бези саратони – бу кўкрак бези тўқималарининг хавфли ўсмаси. Дунё миқёсида бу аёллар орасида энг кенг тарқалган саратон касаллиги бўлиб, касаллик 13 ёшдан 90 ёшгача бўлган ыизлар ва аёлларда учрайди. У шунингдек, умумий популяцияда ўпка саратонидан кейин иккинчи ўринда туради.
ЖССТ мутахассисларининг фикрига кўра, дунёда ҳар йили кўкрак бези саратонининг 800 мингдан 1 миллионгача янги ҳолатлари рўйхатга олинади. Саратоннинг ушбу тури аёллар орасида ўлим ҳолатлари бўйича иккинчи ўринда туради. Америка Қўшма Штатлари ва Ғарбий Европада касалланиш даражаси энг юқори.
1970-йиллардан кейин ривожланган мамлакатларда кўкрак бези саратони билан касалланганлар сонининг кескин ўсиши ушбу мамлакатлар аҳолисининг ўзгарган турмуш тарзи билан боғлиқ. Хусусан, оилаларда болалар камлиги ва эмизиш вақти озлиги ёки яримтайёр маҳсулотлардан фойдаланилаётгани асосий сабаблардан бири.
65 ёшдан кейин кўкрак бези саратонига чалиниш хавфи 65 ёшдагига қараганда 5-8 марта юқори. Шунингдек, 30 ёшга қараганда деярли 150 баравар юқори.
Республика бош маммологи, профессор Лола Алимхўжаева билан эксклюзив суҳбат юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь