Яна бир лойиҳа муҳокамага қўйилди. Унда стипендия ҳақида нима дейилган?

Жамият

image

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибларга мувофиқ давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар тегишли низомлар асосида давлат стипендияларини олишга ҳақли. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Олий таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарор лойиҳасида келтириб ўтилган.

Ҳужжатда Олий таълим муассасалари талабаларининг қуйидаги ҳуқуқлари белгилаб қўйилди.

•  фан, техника ва замонавий технологиялар, иқтисодиёт ва маданият ривожланишининг ҳозирги замон даражасига мувофиқ таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари ўқув режа ва ўқув фан дастурларини янада такомиллаштириш юзасидан олий таълим муассасаси раҳбариятига таклиф бериш;

•  олий таълим муассасалари фаолияти бўйича муҳим масалалар муҳокамасида қатнашиш;

•  кутубхона, ахборот ресурслари, ўқув, илмий, даволаш ва бошқа бўлинмалар хизматидан олий таълим муассасаси Низомида белгиланган тартибда бепул фойдаланиш;

•  илмий-тадқиқот ишларда, анжуманларда, симпозиумларда иштирок этиш;

•  илмий-тадқиқот йўналишлари бўйича тайёрлаган ишларни нашрга тақдим этиш;

•  олий таълим муассасаси раҳбарияти қарорларидан норози бўлган тақдирда, шикоят аризаси билан мурожаат қилиш;

•  белгиланган тартибда ҳарбий таълим мутахассислиги бўйича кўшимча таълим олиш.

Кундузги ва кечки таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга муддатли ҳарбий хизматга ва сафарбарлик чақирув резерв хизматига чақиришдан кечиктириш бўйича тақдимнома олий таълим муассасаси томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорларида кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари ўқув жараёни билан боғлик бўлмаган ишларга ўқиш вақти ҳисобига талабаларни жалб этиш ман этилади.

Талабалар таълим дастурларида белгиланган билимларни олишлари, ўқув режада тавсия этилган асосий ва кўшимча ўқув фанлари ҳамда танлов фанларини ўзлаштириши, ўқув режасида назарда тутилган барча турдаги машғулотларда берилган топшириқларни белгиланган муддатда бажаришлари, олий таълим муассасаси Низомига, ички тартиб ва Талабалар турар жойлари қоидаларига риоя қилишлари шарт.

Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда стипендия билан таъминланиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибларга мувофиқ давлат стипендияларига сазовор бўлган талабалар тегишли низомлар асосида давлат стипендияларини олишга ҳақлидир.

Ҳарбий хизматни ўташ, соғлигини тиклаш даврида, ҳомиладорлик ва туғиш билан боғлиқ таътил ёки бола парвариши учун талабаларга белгиланган тартибда академик таътил берилади.

Ўқув режаси талабларини узрли сабабларга кўра бажара олмаган талабаларга академик қарздорликларни бартараф этиш учун индивидуал жадвал тақдим этилади.

Талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Бошқа шаҳарлардан келган ва турар жойга муҳтож талабаларга Талабалар турар жойидан ўрнатилган тартибда белгиланган муддатга жой берилади.

Турар жойга мухтож талабалар бор вақтда Талабалар турар жойларидан қонунчиликда белгиланмаган мақсадда (ижарага бериш ва ҳоказо) фойдаланиш ман этилади.

Кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган талабаларга ўқишдан бўш вақтларида (ярим ставкадан ортиқ бўлмаган ҳажмда) меҳнат шартномаси бўйича олий таълим муассасасида ёки бошқа ташкилотларда ишлашга рухсат берилади.

Талабаларнинг бошқа ҳуқуқлари ва мажбуриятлари амалдаги қонун ҳужжатларида ҳамда олий таълим муассасаси Уставида белгиланиши мумкин.

Шаҳноза Тўрамуротова

 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси

Баҳолаганлар

39

Рейтинг

2.7

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг