Куба “Венесуэла сценарийси”га тайёргарлик кўряпти – NYT
Олам
−
17 Май 3531 2 дақиқа
АҚШ Куба Давлат кенгаши ва Вазирлар кенгашининг собиқ раиси (2008–2018) Раул Кастрони қўлга олиш бўйича операция тайёрлаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The New York Times” (NYT) нашри хабар берди.
Газетанинг маълумотларига кўра, гап жорий йилнинг январь ойида АҚШ махсус кучлари томонидан Венесуэла етакчиси Николас Мадуронинг ўғирлаб кетилиши билан боғлиқ сценарийнинг такрорланиши ҳақида бораётган бўлиши мумкин.
“Reuters”нинг хабар беришича, Қўшма Штатлар Раул Кастрога нисбатан айблов эълон қилишни режалаштирмоқда. Каракасда рейд ўтказиш ва Мадурони қўлга олиш учун айнан АҚШда унга қарши илгари сурилган айбловлар баҳона бўлган эди.
Нашрнинг ёзишича, Кастрога нисбатан (Мадуро ишида бўлгани каби) наркотикларнинг ноқонуний айланиши, шунингдек, 1996 йил февраль ойида Куба томонидан “Ака-укалар ёрдамга келади” (Brothers to the Rescue) гуманитар ташкилотининг иккита енгил моторли самолёти уриб туширилиши билан боғлиқ айбловлар қўйилиши мумкин. Ўша даврда Раул Кастро Куба мудофаа вазири лавозимида бўлган.
NYT’нинг қайд этишича, АҚШ ҳарбийлари Кубада рейд ўтказишга тайёргарлик кўряптими-йўқми, буниси номаълум, устига-устак операция яқин орада амалга оширилиши эҳтимоли кам. Дональд Трамп маъмуриятининг позициясидан хабардор бўлган бир қатор манбаларнинг сўзларига кўра, АҚШнинг юқори мартабали мулозимлари ҳеч бўлмаганда “Венесуэла сценарийси”ни яна бир бор қўллаш имкониятига эга бўлишни хоҳлашади.
Трамп маъмуриятига яқин бўлган бошқа манбаларнинг таъкидлашича, агар бундай вариант якунда маъқулланмаган тақдирда ҳам, Кастрони қўлга олишга уриниш таҳдидининг ўзи Куба ҳукуматига босим ўтказиб, уни АҚШ талабларига ён беришга мажбур қилади. Бироқ экспертлар бундай бўлмаслиги мумкинлигини тахмин қилмоқда. Вашингтонда жойлашган Америка университети (American University) давлат бошқаруви профессори Уильям Леогранде “кубаликлар орқага чекинишни билмайди”, деган фикрда.
Маълумот учун, Раул Кастро – Куба инқилоби етакчиларидан бири. У расман ҳокимиятдан кетган бўлса-да, ҳанузгача Куба сиёсатидаги энг нуфузли арбоблардан бири бўлиб қолмоқда. Ҳозирда Кастронинг соғлиғи ҳақида ҳамма нарса ҳам маълум эмас, лекин у заифлашган, қулоғи яхши эшитмайди, қийинчилик билан гапиради ва анчадан бери омма олдида чиқиш қилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Марказий разведка бошқармаси раҳбари Жон Рэтклифф энергетика инқирози кучайиб бораётган бир пайтда Кубага ташриф буюрганди. У Гаванада Куба Ички ишлар вазири Лазаро Алварес Касас ва мамлакат разведка хизмати раҳбари Раул Родригес Кастро билан учрашган.
Live
Барчаси