“Кремний водийсининг ёвуз одами”. Ходимлари Илон Маскдан нега бунча қўрқади?
Бу қизиқ
−
05 Декабрь 2020
10118Тесла ходимлари Илон Маскнинг кайфияти ёмон бўлса, у билан учрашишдан қўрқишларини тан олишди. Миллиардернинг қўл остида ишловчилар унинг ғазабига йўлиқиб қолмасликлари учун унинг ижтимоий тармоқларини доимий равишда кузатиб боришларига тўғри келади. Тадбиркорнинг ўзи эса ходимларини севишини ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини айтади.
Илон Маск минглаб ходимларни иш билан таъминлайдиган SpaceX ва Tesla каби йирик технологик компанияларнинг бош директори ҳисобланади. У кўплаб илғор ғояларнинг муаллифи, ажойиб муҳандис ва визионер сифатида танилган. Бироқ гоҳида ОАВда Маскнинг қўл остида ишловчилар ундан қўрқиб туриши ҳақида маълумотлар бўй кўрсатиб қолади.
Яқинда “Vanity Fair” журналида чиққан мақолада уни “Кремний водийсининг ўзини севадиган ёмон одами”, дея аташди.
Маск бир вақтнинг ўзида иккита йирик корпорацияни бошқаради. Маълум бўлишича, Tesla ходимлари SpaceX’да бўлаётган воқеаларга эътибор беришади ёки улар буларга. Чунки миллиардернинг кайфияти компаниялардаги вазиятга боғлиқ.
“SpaceX ракетаси парвози ўтадиган кунларда Tesla компаниясининг барча ходимлари бу иш муваффақиятли ўтадими ёки йўқлигини кузатиб боришади. Биз буни ракеталарга қизиққанимиз учун эмас, балки бу Илоннинг кейинги бир неча кундаги кайфиятига бевосита таъсир қилгани учун қиламиз”, дейди Tesla’нинг номини сир сақлашни сўраган менежерларидан бири.
Ходим, шунингдек, ракета стартида бирон бир носозлик юз берса, Маск билан гаплашишни истамаслигини қўшимча қилган. Аммо, агар SpaceX ишга туширилиши яхши бўлса, у ҳолда Tesla ушбу имкониятдан фойдаланиб, бош директордан каттароқ бюджетни ундиришга ҳаракат қилади.
Ходимлар ҳар куни ўз хўжайинларининг Twitter’даги аккаунтини текширади, чунки Илон Маскнинг эҳтиётсиз твитлари унга бир неча бор катта муаммо туғдирган. Бунга йўқ жойдан чиқадиган суд жараёнлари ҳам мисол бўла олади.
“Биз уйғонганимиз заҳоти уни кўздан кечирамиз (Twitter-аккаунт назарда тутиляпти – таҳр): “Эй Худо, энди нима бўлади?”. Биз ҳақиқатан ҳам у ерда нимани кўришни билмаймиз”, деди Маскнинг собиқ ходимларидан бири.
Бироқ Илон Маскнинг ўзи ходимларга ҳурмат билан муносабатда бўлишини таъкидлаб келади.
“Vanity Fair”да ўзи ҳақида мақола эълон қилингач, Маск Twitter’да яна бир пост жойлаштирди.
“Мен жуда яхши кўрадиган ва ҳурмат қиладиган инсонлар билан ишлаш – ҳақиқий шарафдир. Мен ўзимни шарафланган деб ҳис қиляпман”, деб ёзган эди ўшанда Маск.
Кўпгина ходимлар Илон Маскнинг кутилмаган ғазабини эслайди: у шунчаки бошқаларга бақира бошлайди ва ҳаммани аҳмоқ, деб атайди.
“Агар сиз бирон бир нарсани нотўғри айтган бўлсангиз ёки ишда хато қилган бўлсангиз, у дарҳол сизни аҳмоққа чиқаради ва ҳеч нарса уни бундай дейишдан қайтара олмайди”, деди Маскнинг ходимларидан бири.
Нима бўлган тақдирда ҳам бошлиқ ва ходимлар ўртасида бундай муносабатларни ҳар бир корхона, компания ва ёки ташкилотларда учратиш мумкин. Муҳими олтин қоидани унутмаслик зарур – ҳар бир қилинаётган иш юракдан бажарилса, ўртада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
LiveБарчаси