Кремль Польшани душман давлат деб эълон қилди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Польша Россия учун душман давлат эканини айтди. Бу ҳақда “Интерфакс” хабар берди. 

Қайд этилишича, Песков журналист Павел Зарубинга берган интервьюсида Польша Мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Вальдемар Скшипчакнинг ўз мамлакати Беларусь ҳудудида исён амалга ошириш учун жанговар ҳаракатларда иштирок этишга тайёрланаётгани ҳақидаги берган баёнотига муносабат билдирган. 

Кремль матбуот котиби Польша Россиянинг душмани эканини таъкидлаб, мамлакат раҳбарияти эндиликда том маънода русофобия истерикасида эканини айтган. 

“Биз бу душман давлат, аслида, қўшни давлатнинг ички ишларига тўғридан-тўғри, жумладан, куч билан аралашиш нияти ҳақида очиқ гапираётганини кўриб турибмиз”, дейди Песков.

Бундан ташқари, у Беларусь Россиянинг шериги ва иттифоқчиси эканига урғу берган. 

"Табиийки, Россия Федерацияси Беларусь хавфсизлигини таъминлаш бўйича мажбуриятларга эга. Биз буни ана шундай аниқ таҳдид шароитида бажарамиз”, дея қўшимча қилган у. 

Россиянинг Польша билан муносабатларидаги таранглашув, айниқса, Украина уруши бошланганидан кейин кучайди. Европа Иттифоқи ва НАТО аъзоси бўлган Польша ушбу қарама-қаршиликда Украинани энг кўп қўллаб келаётган давлатлардан бири бўлиб турибди. Масалан, мамлакат Украинага қирувчи самолётлар бериш ташаббусини биринчилардан бўлиб илгари сурди ва ўзи намуна кўрсатиб, арсеналида бор деярли барча МиГ-29 самолётларини унга берди.

Россия томони ҳам Польшанинг бундай ҳаракатларига нисбатан кескин баёнотлар билан жавоб бериб келади. Чунончи, яқинда Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Россия ва НАТО ўртасида уруш бўлган тақдирда Польша йўқ бўлиб кетишини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Кремль Польша душман

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг