Кремль корчалони Путиннинг айтганларини хаспўшлади
Олам
−
23 Июнь 2020
9519Россия ўз қўшниларига ҳудудий даъво билан чиқмайди. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков мамлакат раҳбари Владимир Путиннинг “Россия. Кремль. Путин” фильми учун берган интервьюсидаги баъзи фикрларга изоҳ бериб шундай деди.
“Йўқ, Россиянинг қўшниларига ҳудудий эътирозлари йўқ”, деди Песков.
Интервьюда Путин СССР таркибида бўлган республикалар шартномага кўра, унинг таркибидан чиқиши мумкинлиги, аммо бу жараён қандай бўлиши кўрсатилмаганини айтиб ўтганди.
“Савол юзага келади: бирор-бир республика Совет Иттифоқи таркибига кирса, лекин Россиянинг улкан ерларига, Россиянинг тарихий ҳудудларига эга бўлгач, тўсатдан Иттифоқ таркибидан чиқишга қарор қилса, ҳеч бўлмаганда қандай кирган бўлса, шундай чиқсин. Ўзи билан рус халқининг совғаларини олиб кетмасин. Ахир буларнинг ҳеч бири ёзилмаган эди-ку”, деган Путин.
Песков Путиннинг айтганларига изоҳ бериб, гап Россиянинг ҳудудий эътирози ҳақида эмас, балки СССР Конституциясидаги хатоликни қайтармаслик ҳақида бўлганига урғу берган.
“У совғалар ҳақида гапирмади. У Конституцияда йўл қўйилган тизимли хатоликларни айтди”, деб Кремль вакили Путиннинг айтганларини хаспўшлаган.
Песковнинг қўшимча қилишича, Россия етакчиси Москвадаги Ғалаба парадида иштирок этадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари билан ҳудудий масалани муҳокама қилмоқчи эмас.