Кремль ХЖСнинг Нетаньяхуни ҳибсга олиш ордери иш беришига ишонмаяпти
Олам
−
22 Ноябрь
4173Халқаро жиноий суд (ХЖС) ҳаракатлари, хусусан, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш учун ордер чиқариши Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солишга кўмаклашиши эҳтимолдан йироқ. Бу ҳақда бугун, 22 ноябрь куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков журналистлар билан брифингда сўз очди.
“Умуман олганда, ХЖС ҳаракати бирор нарсага ёрдам бериши даргумон, бу биринчи навбатда. Иккинчидан, биз буни қандайдир тарзда изоҳлашдан маъно кўрмаяпмиз, чунки биз учун ушбу қарорлар аҳамиятсиз”, деди Песков.
Маълумот учун, ХЖС ўтган йили Россия Президенти Владимир Путин ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Львова-Беловани украиналик болаларни ноқонуний равишда депортация қилганликда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер берган эди. Жорий йилда эса Халқаро жиноий суд Россия собиқ мудофаа вазири, Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу ва Россия Қуролли кучлари Бош штаби раҳбари Валерий Герасимовни ҳибсга олишга ордер берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро жиноий суд Биньямин Нетаньяху ва Йоав Галантга нисбатан Ғазо секторидаги эҳтимолий ҳарбий жиноятлар учун ҳибсга олиш ордерлари чиқарган эди. Суд ордерларни беришда Исроилнинг юрисдикцияга қарши далилларини рад этган. Шундан сўнг бир қатор мамлакатлар, хусусан, Буюк Британия, Канада ва Нидерландия агар Биньямин Нетаньяху мамлакат ҳудудига келса, уни Халқаро жиноий суд ордери бўйича ҳибсга олишини билдирган. АҚШ эса ХЖС қарорини қоралаган.
LiveБарчаси