Кремль Абу-Дабидаги музокараларда НАТОга кутилмаган талаб қўйди – ОАВ

Олам

−

image

Абу-Дабида жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Украинадаги урушни тугатиш бўйича ўтказилган кўп томонлама музокараларда Россия делегацияси норасмий равишда нафақат Киевга тааллуқли бўлган “Европа хавфсизлигининг янги тартиби” бандларини илгари сурди, балки Кремль вакиллари Финляндиянинг НАТОдан чиқишини талаб қилди, шунингдек, альянснинг Латвия, Литва ва Эстониядаги ҳарбий базалардан воз кечиши тарафдори эканини билдирди. Ушбу бандларнинг барчаси Амирликларда иштирок этган Европа Иттифоқи вакилларига топширилган. Бу ҳақда “Bild” хабар берди.

Қайд этилишича, россиялик музокарачилар томонидан БААда билдирилган шартлар норасмий доираларда муҳокама қилинаётган ташаббуслардан бири, холос. Россия томонидан бир вақтнинг ўзида бир нечта рақобатчи воситачилар гуруҳлари ҳаракат қилмоқда ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин айнан кимнинг ғояларини қўллаб-қувватлаши ҳозирча номаълум.

Москванинг талаблари НАТОга аъзо бўлмаган Молдовага ҳам тегишли бўлган. Россия вакиллари ушбу давлатни асл молдаван ерлари, Гагаузия ва Днестрбўйидан иборат федерацияга айлантириш режасини илгари сурган. Сўнггиси 1991 йилдан буён де-факто Кишинёв назорати остида бўлмаган, БМТнинг бирорта ҳам аъзоси томонидан тан олинмаган ўзини ўзи эълон қилган давлат ҳисобланади. Мамлакат ЕИга аъзо бўлган тақдирда, Днестрбўйи ва Гагаузия мустақиллик бўйича референдум ўтказиш имкониятига эга бўлиши керак.

Украинадан тинчлик эвазига Донецк ва Луганск вилоятларининг ўз назорати остидаги қисмини бериш, НАТОга аъзо бўлишдан воз кечиш, Николаев ва Одессадаги портларни демилитаризация қилиш, шунингдек, Қора ва Болтиқ денгизларида кемалар қатнови эркинлиги тўғрисида алоҳида келишувлар тузиш талаб қилинмоқда.

Олтита Европа давлатига тааллуқли бўлган барча санаб ўтилган талаблар эвазига Кремль вакиллари Беларусдан ядро қуролини олиб чиқишни, у ерга Россиянинг ўрта масофага учувчи ракеталарини жойлаштиришдан воз кечишни ва Россия Қуролли кучлари бўлинмаларини Днестрбўйидан олиб чиқишни таклиф қилган.

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, Абу-Дабида Россия томони Финляндия ёки бошқа бирор давлатнинг НАТО таркибидан чиқишини талаб қилмаганини маълум қилган. 

“Менга бу ҳақда маълум эмас. Йўқ, илгари сурилмаган. Бу ҳақда, албатта, умуман гап бормаган”, дея Песковнинг сўзларини келтиради РБК.

Маълумот учун, Финляндия НАТОга қабул қилинган сўнгги икки давлатдан бири ҳисобланади. Скандинавия давлати ташкилотга 2023 йил апрель ойида қўшилган бўлиб, 2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб киришидан сўнг дарҳол Финляндия жамиятида ушбу қарор тарафдорлари улуши бир неча баробар ошган. Шимолий Атлантика альянси ўзининг қарийб 80 йиллик тарихи давомида аъзо давлатларнинг блок таркибидан чиқиш прецедентларини билмайди, фақат икки мамлакат – Франция ва Греция унинг ҳарбий таркибий қисмидаги иштирокини вақтинча тўхтатиб турган, бироқ кейинчалик тўлиқ аъзоликни тиклаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўшма экспедицион кучлар (Joint Expeditionary Force) таркибига кирувчи Шимолий Европа мамлакатлари ҳарбий-денгиз флотлари шериклиги ва техника ҳамда денгизчиларни тайёрлаш учун Россия таҳдиди фонида ягона стандартларни яратиш тўғрисидаги битимни имзолагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг