Космонавтлар майдонида нега ўзбошимчалик билан буз-буз бошлангани маълум бўлди

Интервью

Тошкентдаги Космонавтлар майдонида Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар қайта ободонлаштириш ишлари сабаб бузиб ташланяпти. Бу ҳақда Яккасарой туман ҳокими Анвар Сайфуддинов QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилди.

“Ижтимоий тармоқда тушунмовчиликлар бўлаётган бўлиши мумкин. Бу ерда ҳеч қандай қурилиш ишларини амалга ошириш ниятимиз йўқ.  Бу ҳудудда иккита монументимиз бор. Олдин “Космонавтлар” деб аталар эди. Биз фақат бу монументларнинг атрофида ободонлаштириш ишларини олиб бормоқдамиз. Объектнинг атрофига ётқизилган мармар (брусчатка) ва бетонлари абгор аҳволда эди. Биз бу ерни янгидан замонавий тарзда қилиб, халқимиз шу ерга келганида айланиб, дам олиб кетадиган масканга айлантиряпмиз. Мармарлар олдингидай тикланади. Янгиси қўйилади. Маданий меросга таъсир қилмаган ҳолатда замонавий кўринишдаги элементлар пайдо бўлади.  Ҳозир пудратчининг юристлари маданий мерос агентлиги билан хат, ҳужжат тайёрлашмоқда. Тўғри, тушунмовчилик бўлиб, нимадир вақтида берилмагандир. Ҳозир кўриб турганингиздек, таъмирлаш ишларини тўхтатиб қўйдик ва ҳозир фақат ҳудудни ўраймиз. Иш ҳужжатларининг ҳаммаси жой-жойига қўйилиб, расмийлаштирилганидан кейин давом этади”, дейди ҳоким.


Шу ўринда QALAMPIR.UZ мухбири туман ҳокимидан нима сабабдан бузиш жараёнидан олдин мутасаддилар томонидан расмий баёнот берилмаганини сўради.


“Расмий муносабат бугун эрталаб туман ҳокимиятининг расмий сайтларида берилди.  Шаҳарникида ҳам берилади. Бу жараён шанба ва якшанба кунига тўғри келиб қолгани учун вақтида маълумотни етказиб бера олмадик. Лекин бугун эрталаб маълумот берилди”, дейди Сайфуддинов.

Маданий мерос агентлиги матбуот котиби Моҳинур Имомованинг айтишича, объект ҳудудида рухсатсиз бузиш ишларини бошлаган хусусий тадбиркор Маданий мерос агентлиги томонидан 14 февраль куни огоҳлантирилган, аммо 15 февраль куни ҳам ноқонуний бузиш ишлари давом этган.


“Маданий мерос агентлиги томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. “Фазогирлар” ёдгорлигида  реконструкция ёки ободонлаштириш ишларини олиб бориш учун Маданий мерос агентлигидан рухсат олинмагани аниқланди. 14 февраль куни Маданий мерос бошқармаси томонидан хусусий тадбиркорга огоҳлантириш берилиб, қурилиш ишлари тўхтатилган эди. Аммо, шунга қарамай, бугун 15 февраль куни ҳам тонг саҳардан қурилиш ишлари бошланганига гувоҳ бўлдик. Маданий мерос агентлиги ва Вазирлар Маҳкамаси маданий мерос инспекцияси вакиллари билан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари тўхтатилди”, дейди у.
 

Моҳинур Имомова сўзида давом этиб, Маданий мерос агентлиги объектига киритилган ҳудудларда ободонлаштириш ва реконструкция ишларини олиб бориш учун Маданий мерос инспекциясининг хулосасини олмай туриб, бузиш ёки қуриш ишларини амалга ошириш қатъиян тақиқланишини таъкидлади.


“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги "Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорига асосан Владимир Жонибеков ҳайкали Маданий мерос агентлиги объектига киритилган. Маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга асосан, маданий мерос объекти ва унинг муҳофаза теграларида қурилиш таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш ишларини олиб бориш Маданий мерос агентлиги илмий эксперт кенгашининг тегишли хулосасини олмасдан туриб, амалга ошириш қатъиян тақиқланган. Маданий мерос инспекцияси вакиллари шу жараённи тўхтатишга муваффақ бўлдик. Эндиликда хусусий тадбиркор томонидан лойиҳа ҳужжатлари тайёрланмоқда ва илмий эксперт кенгашига киритилиш жараёнида”, дейди у.

 

Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Космонавтлар майдонида бошланган таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди. Аммо, ҳокимлик бу таъмирлаш ишларининг нима сабабдан ўзбошимчалик билан бошлангани ҳақида лом-лим демади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Жонибеков ҳайкали Яккасарой туман

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made