“Космонавтлар боғи” қайта таъмирланади. Яна дарахтлар “қирғин”и бошланадими?

Жамият

image

Яқин орада Тошкент шаҳар Яккасарой тумани Владимир Жонибеков ҳайкали рўпарасида, “Марварид уйи” олдида жойлашган “Космонавтлар боғи” ҳудудида замонавий қулайликларга эга сайилгоҳ ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Яккасарой тумани ҳокими Анвар Сайфуддинов QALAMPIR.UZ мухбирига маълум қилди. 

Ҳокимнинг сўзларига кўра, бу ерда ўйин майдончалари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилиши кутилмоқда. Пудратчи сифатида “Mimar Group” МЧЖ компанияси танланган.

“Монумент тўғрисида кичкинагина парк бор. У ҳозирги кунда жудаям абгор аҳволда. Яқинда унинг таъмирлаш ишлари бошланади. Ҳудуднинг атрофини ўрашади”, дейди туман ҳокими.

Шунингдек, туман ҳокими лойиҳани амалга оширишда бирорта ҳам дарахтга зарар етказилмаслигини таъкидлади. Аксинча, яшил ҳудуд майдони кенгайтирилади.

“Ижтимоий тармоқларда “дарахтлар кесилади”, деган фикрлар бўлиши мумкин. Мен шуни матбуот котибига айтдим. Бу ҳақда қай тартибда нима қилиш режалаштирилаётгани оммага эълон қилинади. Боғдаги ҳеч қайси дарахт шикастланмайди ва биронтаси кесилмайди. Дарахтларни сақлаб қолган ҳолда кичкинагина боғча яратмоқчимиз”, дейди Сайфуддинов.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Космонавтлар майдони Владимир Жонибеков ҳайкали олдидаги гранит плиталар бузиб ташланаётгани ҳақида эътирозли хабарлар тарқалгани, қурилиш Тошкент шаҳар маданий мерос бошқармаси томонининг рухсатисиз бошлангани, шу боис “MIMAR GROUP” МЧЖга огоҳлантириш хати берилгани ҳақида хабар берган эдик.

Мунозаларга сабаб бўлган ҳолат бўйича кеча, 15 февраль куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги Космонавтлар майдонида бошланган таъмирлаш ишлари ҳақида маълумот берди. Аммо, ҳокимлик бу таъмирлаш ишларининг нима сабабдан ўзбошимчалик билан бошлангани ҳақида лом-лим демади.

Кейинроқ Яккасарой тумани ҳокими маданий мерос объектида ишларни бошлаб юборгандан кейин қонуний рухсат олиш ҳаракати бошланганини тушунмовчилик деб изоҳлаб қўя қолган.

Катта баҳс-мунозараларни келтириб чиқарган ушбу ҳолатни ўрганиш мақсадида Бош вазир Абдулла Арипов, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов ва пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳам Космонавтлар майдонига етиб борган. Шунда маълум бўлдики, лойиҳа бюджет маблағидан эмас, AKFA компанияси томонидан молиялаштирилган. Энди навбатдаги масала кун тартибига чиқди: жамоатчилик AKFA компаниясининг бу ҳотамтойлиги ортида нима тургани билан қизиқмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Яккасарой тумани Владимир Жонибеков ҳайкали “Космонавтлар боғи”

Баҳолаганлар

31

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг