Коронавируснинг “британча” штамми Туркияга ҳам етиб келди
Олам
−
02 Январь 2021
9445Туркияда 15 кишида "британча" коронавирус аниқланди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазири Фахриддин Кўжа Twitter’даги саҳифаси орқали маълум қилган.
Унинг қўшимча қилишича, Буюк Британиядан Туркия ҳудудига кириш вақтинча тўхтатилган.
Маълумот ўрнида, Туркияга келаётган барча шахслар учун янги қоидалар жорий қилинган. Жумладан, 2020 йилнинг 28 декабридан бошлаб Туркияга авиақатновлар орқали, 30 декабридан бошлаб эса қуруқлик ёки денгиз йўллари орқали кириб келувчи барча йўловчиларда мазкур мамлакатга киришдан 72 соатдан ошмаган вақт ичида топширилган ПЗР-тестнинг манфий жавоби бўлиши шарт.
Туркияда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 2,22 млндан ошган. 21 минг 93 нафар бемор вафот этган.
Шунингдек, янги штамм АҚШнинг Флорида штатида ҳам аниқланган.
"Мартин округида COVID-19’нинг Британия штамми билан касалланиш бўйича илк ҳолат қайд этилгани тўғрисида далиллар бор", дейилган хабарида. Таъкидланишича, вирусни юқтириб олган эркак яқин вақт ичида саёҳатга чиқмаган.
Қайд этилишича, Флорида АҚШда коронавируснинг "британча" штамми аниқланган учинчи штат бўлган. B.1.1.7 штамми илк бор Колорадо штатида аниқланган бўлса, иккинчи бўлиб Калифорнияда қайд этилган.
Маълумот учун, ҳозиргача янги штамм Буюк Британиядан ташқари Нидерландия, Австралия, Дания, Бразилия, Германия, Швейцария, Франция, Япония, Жанубий Корея, БАА ва Иорданияда аниқланган.
Аввалроқ, коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлиб, ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Кўрилаётган чоралар фонида Лондон аҳолиси шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, темир йўл станцияларида тўпланган. Буюк Британиянинг ўзида карантин чекловлари максимал даражага кўтарилди.