“Янги меҳмон” ваҳимаси: Британия билан парвозларни тўхтатган давлатлар сони 20 дан ошди
Олам
−
21 Декабрь 2020
7736Аввалроқ, коронавируснинг янги тури сентябрь ойида Буюк Британияда пайдо бўлиб, ноябрь ойининг ўрталарида фаол тарқалишни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Кўрилаётган чоралар фонида Лондон аҳолиси шаҳар ташқарисига чиқиб кетишга ҳаракат қилиб, темир йўл станцияларида тўпланган. Буюк Британияда коронавируснинг янги тури аниқланганидан сўнг, 20 дан ортиқ давлат ушбу мамлакат билан транспорт алоқаларини тўхтатди. Йўловчи ташишни тақиқлаш қайсидир давлатда йил охиригача, қаердадир январь охиригача амал қилади. Буюк Британиянинг ўзида карантин чекловлари максимал даражага кўтарилди.
Буюк Британиядан ўз ҳудудига киришга чеклов ўрнатган давлатлар:
- Нидерландия;
- Франция;
- Германия;
- Италия;
- Литва;
- Австрия;
- Болгария;
- Чехия;
- Эстония;
- Латвия;
- Полша;
- Норвегия;
- Швейцария;
- Хорватия;
- Финляндия;
- Марокаш;
- Канада;
- Аргентина;
- Колумбия;
- Ирландия;
- Гонконг;
- Исроил (шунингдек, Дания ва Жанубий Африка билан парвозларни ҳам тўхтатди);
- Туркия (шунингдек, Нидерландия билан парвозларни тўхтатди);
- Саудия Арабистони (барча қуруқлик, ҳаво ва денгиз чегараларини ёпди);
- Португалия (фақат ўз фуқароларига кириш ҳуқуқи берилади).
Коронавируснинг янги тури Буюк Британиядан ташқари, Жанубий Африка, Дания, Италия, Нидерландия ва Австралияда ҳам аниқланган.
Коронавируснинг янги тури ҳақида нималар маълум?
Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 декабрь куни янги турдаги коронавирус аниқланганини эълон қилди. Англия бош санитария ходими Крис Уитти ушбу турдаги вирус одатдаги SARS-CoV-2 номли турига қараганда тезроқ тарқалишини айтди. Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг сўзларига кўра, коронавируснинг янги генетик варианти бошқасига қараганда 70 фоиз кўпроқ юқумли бўлиши мумкин.
Коронавируснинг янги тури туфайли Лондон ва Англиянинг жануби-шарқида қатъий карантин жорий этилган. Шунингдек, Англия, Шотландия ва Уэлс аҳолиси учун Рождество байрамлари бекор қилинган. Буюк Британиядаги коронавирусга қарши кураш бўйича илмий кенгаш янги тур эскиларига қараганда одамдан одамга осонроқ юқишини маълум қилган.
У қанчалик тез тарқалмоқда?
Маълум бўлишича, ушбу янги тур биринчи марта жорий йилнинг сентябрь ойида аниқланган. Ноябрь ойида эса, Лондонда касалликка чалинганларнинг тахминан 25 фоизи коронавируснинг ушбу вариантидан жабр чеккан. Декабрь ўрталарига келиб, бу кўрсаткич 65 фоиздан ошган.
Математиклар коронавируснинг бошқа турларининг тарқалиш тезлигини ҳисоблаб, янги турдагисининг қанчалик тажовузкор бўлиши мумкинлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, бу ерда нафақат вируснинг ўзи, балки одамларнинг ўзини қандай тутишини ҳам ҳисобга олиш керак.
”Хулоса қилишга ҳали эрта... Лекин янги тур биз аллақачон кўрган коронавирусдан кўра жуда тез тарқалиб бормоқда, шунинг учун уни кузатишда давом этиш муҳимдир”, дейди Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон.
Янги турдаги коронавируснинг қанчалик юқумли эканини кўрсатадиган аниқ рақамлар ҳали мавжуд эмас.
LiveБарчаси