Коронавирусга чалинган бемор Алишер Шодмоновга мурожаат йўллади. Прокуратура текширув бошлади
Жамият
−
30 Сентябрь 2020
24003Кеча, 29 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти политехника институти ётоқхонасида ташкил этилган коронавирусга чалинган беморларни даволаш марказида қолаётган беморнинг мурожаати тарқалган эди.
Унда марказнинг 411-хонасида ётиб даволанаётган Қобилжон Абдусатторов Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир қатор саволлар билан мурожаат қилган.
“Агар давлатимиз коронавирусга чалинган ҳар бир беморнинг даволаниши учун 32 миллиондан пул ажратаётган бўлса, биз дориларни нега ўз пулимизга сотиб оляпмиз? Бу пуллар қаерга кетяпти? Сизлар халқни алдаяпсизлар? Агар ростан ҳам пул ажратилаётган бўлса, унда дорилар қани? Ажратилмаган бўлса, нега ажратяпмиз деб халқни алдаяпсизлар? Оддий бир нарса, шармандалик – бугун тушлик йўқ. Санитаркани чақириб, “обед” қани, десак, “шунча одамга бир пақир овқат беряпти, қайси бирингизга етказаман”, дейди. Ана шармандалик! Ҳар бир одамга 32 миллиондан ажратаётган давлатимиз бир пақир овқат бераётган экан бутун бошли “бино”га. Бу оқватни кимга етказишга санитаркалар ҳайратда”, дейди мурожаатчи.
У сўзида давом этаркан, амалдорлардан юқоридагилар бўйича ҳисобот беришини талаб қилади.
“Мен ҳеч бирингиздан қўрқмайман. Узр ҳам сўраб чиқмайман. Мен Чўлпон юртиданман”, дейди мурожаат эгаси.
У, шунингдек, ёнидаги койка бўшлигини кўрсатади ва қабулхонага мурожаат қилаётганлар жой йўқлиги важи билан қайтариб юборилаётганини айтади.
“Президент ишонган одам сенми, Алишер Шодмонов? Нимага назорат қилмаяпсан буларни? Ким назорат қилиши керак буларни?”, дейди Қобилжон Абдусатторов.
У сўзи якунида амалдорлардан қўрқмаслигини алоҳида урғулайди.
Мазкур видеомурожаат Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан кўриб чиқилган. Бош прокуратура Матбуот хизматининг расмий баёнотида қайд этилишича, мазкур мурожаатда баён қилинган ҳолатлар юзасидан Жиззах вилоят прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари бошланган.
Натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар берилади.
LiveБарчаси