Коронавирус ернинг "энг чекка бурчаги”га ҳам етиб борди
Олам
−
24 Март 2020
17555Чилининг Пасха оролида коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат аниқланди. Бу ҳақда бугун, 24 март куни орол маъмурияти маълум қилди.
Тинч океанидаги Пасха ороли дунёдаги одам яшайдиган энг узоқ орол ҳисобланади. Унга жуда ҳам яқин бўлган қитъа – Жанубий Америка, оролдан 3 514 километр масофада жойлашган. Энг яқин аҳоли яшайдиган Тинч океанидаги яна бир орол, Питкерн эса Пасха оролидан 2075 километр узоқликдадир.
"Чуқур қайғу билан шуни маълум қиламизки, бизнинг оролимизда COVID-19 нинг биринчи ҳолати тасдиқланди", деб хабар қолдирди Пасха ороли кенгаши Facebook'даги саҳифасида.
Орол маъмурлари коронавирус тарқалишининг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Одамларга бир метрдан кам масофада яқинлашмаслик, йўталиш ёки аксириш пайтида оғзини қўл билан ёпиш, шунингдек, қўлларини тез-тез ювиш тавсия этилмоқда.
Маълумот учун, Пасха бутун орол бўйлаб жойлашган тош ҳайкаллари билан дунёга машҳур. Орол UNESCO томонидан бутунжаҳон мероси сифатида рўйхатга олинган.
LiveБарчаси