Коронавирус: қурбонлар ва касалланганлар сони кескин кўпайди

Олам

image

Бугун, 13 февраль ҳолатига Хитойда пайдо бўлган янги коронавирус қурбонлари сони 1368 нафарга етиб, кечагига нисбатан 253 нафарга кўпайди. Қурбонларнинг фақатгина икки нафари Хитойдан ташқарида вафот этган.

Дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 15 139 нафарга ортиб, 60310 нафарга етди. Беморларнинг 59 786 нафари Хитойда қайд этилган. Қолганлари дунёнинг 27 давлатида аниқланган.

Коронавирусдан даволанганлар сони 5963 нафарга етди. Бу кўрсаткич кеча 4794 нафарга тенг эди. Беморларнинг 8243 нафарининг (14 фоиз) аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

Бундай фарқ ташхис қўйишнинг янги усули қўлланаётгани билан тушунтирилган. Жумладан, касалланиш ҳолатларининг диагностик таснифланишига “клиник ташхис” қўшилган. Хитойлик мутахассисларнинг фикрича, бу беморларга “касалликнинг эрта давридаёқ даво олиш имконини беради” ва шу сабабли кўрилаётган чоралар самарадорлигини оширади.

13 февралдан коронавирусга чалинганликка гумон қилинаётганлар аниқроқ натижа берадиган янги усул билан текширила бошланади.

Янги коронавирус

Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.

Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 27 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания ва Бельгияда аниқланди.

ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.

Янги коронавирусга Novel Coronavirus Pneumonia (NCP) номи берилди. У бугунгача қурбонлар сони бўйича 2002 йилдаги атипик пневмония (SARS) ва 2012 йилдан бери Яқин Шарқ респиратор синдромини (MERS-CoV) ортда қолдирди. SARS`дан 8096 нафар одам касалланган, шулардан 774 нафари (ўлим даражаси 9,6 фоиз) ҳалок бўлган. MERS-CoV вирусидан 2494 нафар одам касалланиб, уларнинг 858 (ўлим даражаси 34,4 фоиз) нафари қурбон бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой вирус

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг