Конгода Эболадан касалланганлар 1500 дан ошди
Олам
−
04 июл 580 1 дақиқа
Конго Демократик Республикасида Эбола вируси тарқалиши давом этмоқда. Мамлакатда бугунга қадар 1 502 нафар беморда Эбола инфекцияси тасдиқланган. Уларнинг 473 нафари касаллик оқибатида вафот этган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берган.
Маълумотларга кўра, ҳозиргача 213 нафар бемор соғайган, яна 628 киши шифокорлар назоратида. Соғлиқни сақлаш хизмати мутахассислари вирус юқтирган беморлар билан алоқада бўлганларнинг 81,8 фоизини кузатувга олган.
Касалликнинг асосий ўчоқлари мамлакатнинг шарқидаги Итури, Шимолий Киву ва Жанубий Киву провинцияларида қайд этилган. Мутахассисларнинг билдиришича, Бундибугё штаммга қарши ҳозирча тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас.
Вазият мамлакат шарқида давом этаётган қуролли можаролар сабаб янада мураккаблашмоқда. Бу эса тиббиёт ходимларининг беморларни аниқлаш, изоляция қилиш ва даволаш ишларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мазкур Эбола эпидемиясини халқаро миқёсда ташвиш уйғотаётган соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият деб эълон қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Бундибугё штамми келтириб чиқарган Эбола вирусига қарши даволаш усулини синовдан ўтказиш бошлангани ҳақида хабар берилган эди.