Конгода Эбола сабаб шифохоналарга ўт қўйилди

Олам

image

Конго Демократик Республикасининг шарқида Эбола вирусининг тарқалиш марказига айланган ҳудуддаги шифохона бўлимига ҳужум қилинди. Ғазабланган оломон Эболадан вафот этгани тахмин қилинган йигитнинг жасадини олиб чиқишга рухсат берилмагач, изоляция чодирларига ўт қўйган. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Воқеа Итури вилоятидаги Буниа шаҳри яқинида жойлашган Рвампара умумий шифохонасида юз берган. Маҳаллий сиёсатчи Люк Малембенинг айтишича, одамлар шифохонага тош ва турли буюмлар улоқтирган, кейин эса Эбола билан касалланган беморлар сақланган чодирларни ёқиб юборган.

Тартибсизлик вақтида полиция оломонни тарқатиш учун ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган. Шифохона ходимларидан бири намойишчилар улоқтирган тош сабаб жароҳат олган.

Маҳаллий расмийларга кўра, вафот этган йигит ҳудуддаги таниқли футболчилардан бири бўлган. Унинг яқинлари эса Эбола ташхисига ишонмаган. Йигитнинг онаси ўғли Эбола эмас, ич терлама касаллигидан вафот этганини айтган. Расмийлар Эболадан вафот этган инсон жасади жуда юқумли бўлишини, шу сабаб хавфсиз дафн қоидалари қатъий назорат қилинишини билдирган.

Маҳаллий сиёсатчи Малембенинг айтишича, айрим ҳудудларда одамлар Эбола вирусига умуман ишонмайди.

“Баъзи аҳоли Эболани ташқаридан ўйлаб топилган касаллик деб ҳисоблайди. Улар нодавлат ташкилотлар ва шифохоналар пул ишлаш учун буни уюштиряпти деб ўйлайди”, деган у.

Ҳодиса оқибатида икки чодир ёниб кетган. Дафн қилиниши керак бўлган жасад ҳам ёнғин ичида қолган.

ЖССТ маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикасида Эбола билан боғлиқ 600 га яқин гумонли ҳолат қайд этилган бўлиб, 130 дан ортиқ одам вафот этган. Вируснинг икки ҳолати қўшни Уганда ҳудудида ҳам аниқланган.

Мутахассислар тарқалаётган вирус Эболанинг кам учрайдиган Бундибугио тури эканини билдирган. Ҳозирча ушбу тур учун тасдиқланган вакцина мавжуд эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Конго ҳужум шифохона Эбола

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг