Конго ДРда Эбола вирусига қарши даволаш синовлари бошланди
Олам
−
09:18 564 2 дақиқа
Конго Демократик Республикасида (КДР) Бундибугё штамми келтириб чиқарган Эбола вирусига қарши даволаш усулини синовдан ўтказиш бошланди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бош директори доктор Тедрос Адханом Гебрейесус маълум қилди.
ЖССТ раҳбари буни эпидемияга қарши курашда муҳим босқич деб атаган. Шу билан бирга, у Итури вилоятидаги Эбола даволаш марказига қилинган ҳужум оқибатида икки киши ҳалок бўлганини эслатиб, касалликка қарши кураш ҳамон ишончсизлик ва зўравонлик каби жиддий муаммолар билан кечаётганини таъкидлаган.
Қайд этилишича, ҳозирги вақтгача Бундибугё штаммига қарши тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули мавжуд эмас. Ушбу штамм Конго Демократик Республикасида 1 400 дан ортиқ касалланиш ҳолатига сабаб бўлиб, улардан 438 нафари вафот этган. Тедроснинг айтишича, сўнгги икки ҳафта давомида мамлакатда ҳар куни ўртача 38 та янги тасдиқланган касалланиш ҳолати қайд этилмоқда.
Мингдан ортиқ бемор иштирок этадиган клиник синовлар бир неча ой давом этиши мумкин. Унда Mapp Biopharmaceutical компанияси ишлаб чиққан тажрибавий MBP134 антитана препарати алоҳида ҳамда Gilead Sciences компаниясининг вирусга қарши ремдесивир препарати билан биргаликда қўлланилиб, самарадорлиги баҳоланади.
ЖССТ маълумотига кўра, синовлар учун дори воситалари етарли миқдорда мавжуд. Ташкилот АҚШ ҳукумати ва Gilead Sciences билан музокаралар олиб бормоқда. Агар препаратлар хавфсиз ва самарали деб топилса, беморларни улар билан таъминлаш давом эттирилади.
Gilead Sciences компанияси синовлар учун қўшимча 2 минг флакон ремдесивирни бепул тақдим этганини билдирди. Июнь ойида ҳам компания фавқулодда фойдаланиш учун шунча миқдорда препарат ажратган эди.
ЖССТ маълум қилишича, эпидемияга қарши бошқа йўналишларда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Ҳозир мамлакатда Эбола вирусини аниқлайдиган 10 та лаборатория фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, касаллар билан мулоқотда бўлган ҳар беш кишидан тўрт нафари тиббий кузатувга олинган. Бироқ ҳар бир ҳолат бўйича янада кўпроқ алоқадор шахсларни аниқлаш зарурлиги қайд этилган.
Даволаш қуввати ҳам кенгайтирилган бўлиб, айни пайтда мамлакатда 650 та махсус ўрин мавжуд. Уларнинг қарийб 96 фоизи банд. ЖССТ ва ҳамкор ташкилотлар қўшимча 300 та ўрин тайёрлаш устида иш олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция ҳудудида ҳам Эбола безгаги билан касалланишнинг илк ҳолати аниқланган эди.
Live
Барчаси