Франция ҳудудида илк бор Эбола вируси аниқланди
Олам
−
17:30 736 2 дақиқа
Франция ҳудудида Эбола безгаги билан касалланишнинг илк ҳолати аниқланди. Конго Демократик Республикасидаги гуманитар миссиядан қайтиб келган шифокорда вирусга олинган тест ижобий натижа берган. Бу ҳақда Франция Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Le Parisien” хабар берди.
Қайд этилишича, бемор изоляция қилиниб, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасасига жойлаштирилган. Унинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Расмийлар бемор билан алоқада бўлганлар доирасини аниқлашни бошлаган. Франция Соғлиқни сақлаш вазирлиги вируснинг мамлакат аҳолиси ва Европа бўйлаб тарқалиш хавфи пастлигича қолаётганини маълум қилган.
Бу Францияда ташхис қўйилган илк Эбола ҳолатидир. 2014 йилда Ғарбий Африкада кузатилган йирик авж олиш пайтида мамлакат Эбола билан касалланган икки нафар беморни қабул қилган эди, бироқ уларнинг ташхиси ҳали Франция ҳудудига келмасдан туриб қўйилган.
Ҳозирги эпидемия Конго Демократик Республикасида 15 май куни бошланган бўлиб, унга камёб “Бундибугйо” штамми сабаб бўлган. ЖССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда 1 мингдан ортиқ касалланиш ҳолати тасдиқланган, 267 киши вафот этган. Биринчи ой натижаларига кўра, ушбу авж олиш тасдиқланган ҳолатлар сони бўйича тарихда қайд этилган барча Эбола эпидемиялари ичида энг йиригига айланди.
Вирус асосан Конго шарқида, жумладан, Итури провинциясида тарқалмоқда. Эпидемияни жиловлашни қуролли зўравонликлар, маҳаллий аҳолининг бир қисми тиббиёт ходимларига ишонмаслиги ва касалланганлар билан алоқада бўлганларни кузатишдаги муаммолар мураккаблаштирмоқда. Аввалроқ расмийлар инфекция юқтирганлар билан алоқада бўлган одамларнинг атиги 55 фоизинигина аниқлашга муваффақ бўKганини хабар қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроилда Эбола вирусини юқтириш бўйича илк гумонли ҳолат қайд этилган эди.
Live
Барчаси