Кондаги портлаш қурбонлари 21 нафарга етди
Олам
−
28 Октябрь 2023
3741Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко конида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони 21 кишига етди. Бу ҳақда “ArcelorMittal Temirtau” компанияси хабар берди.
"252 кончидан 208 нафари ер юзасига чиқарилди, улардан 18 нафари тиббий ёрдамга мурожаат қилди. Шахтада 23 нафар кончи қолмоқда. 21 нафар кончининг жасади топилди", дейилади хабарда.
Мамлакат Бош прокуратурасига кўра, ҳокимият томонидан кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш (Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича терговга қадар текширув бошланган.
Шунингдек, воқеага ойдинлик киритиш учун ҳукумат комиссияси тузилган.
Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кондаги портлашдан сўнг, “ArcelorMittal Temirtau” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрган.
Мамлакат Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати эса ҳукумат компания билан корхонага эгалик ҳуқуқини республика фойдасига ўтказиш бўйича келишувни якунлаётгани ҳақида хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 октябрь куни эрталаб Қозоғистондаги кўмир конида портлаш содир бўлди. Дастлаб 11 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.