Комментда одамларни митингга чиқишга чақирган эркак жазоланди
3-саҳифа
−
27 Январь 5615 2 дақиқа
Instagram ижтимоий тармоғидаги постнинг комментида одамларни митингга чиқишга чақирган эркак 22,5 млн сўм жаримага тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатда келтирилишича, Б.Н. Instagram’да “ш.а.” номли профилга 2025 йилнинг апрель ойларида жойланган “1 май ҳаммаси ошяпти, свет-газ учун ишлимиза” сарлавҳали постнинг муҳокамалар бўлимига ўзига тегишли профилдан оммавий норозиликка чорловчи фикрларни ёзган.
“Ман видеолар каментига изоҳлар ёздим. Ман гапираман, талпа йиғилилу дидим, лекин ҳеч кимни духи етмаяпти. 10 та танишимни йиғиб чиқаман, қўшиладиганлар борми? Мани оилам, болаларим бор, ўзим гапириб чиқишга ўшанчун духим етмиди, лекин ҳамма ёнимда турса ман сўкиб чиқаман, гапим гап. Митинг қилишга духи етадиганлар бўлса жавоб ёзила, ман йиғаман”, деб ёзган у.
Шундан сўнг Б.Н.га нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган.
Жорий йилнинг 14 январь куни Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида мазкур иш кўриб чиқилган. Унда Б.Н. айбига иқрор бўлиб, суддан енгиллик сўраган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-1-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилган ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари миқдорида, яъни 22 млн 500 минг сўм жарима солинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқонда оммавий тартибсизлик бўлаётгани ҳақида хабар тарқатганлар қамалганди.
Live
Барчаси