Колумбия Исроил билан дипломатик алоқаларни узди
Олам
−
02 Май
3692Жанубий Америкада жойлашган Колумбия Республикаси Исроил билан дипломатик алоқаларни узди. Бу ҳақда мамлакат Президенти Густаво Петро маълум қилди.
Унинг айтишича, Колумбия ҳукумати Исроил-ҲАМАС уруши туфайли мамлакатлар ўртасидаги зиддиятнинг сўнгги вақтларда кучайгани муносабати билан бугун, 2 май кунидан бошлаб Исроил билан дипломатик алоқаларни узади.
Петро Исроилнинг Ғазони қамалга олишини "геноцид", деб атаган. Шунингдек, у Исроилдан қурол сотиб олишни тўхтатган ва бу мамлакатнинг Ғазодаги ҳаракатларини немис фашистларининг ўтмишдаги ишлари билан таққослаганди.
"Агар Фаластин ўлса, инсоният ўлади ва биз унинг ўлишига йўл қўймаймиз. Исроил давлати билан дипломатик алоқалар узилади”, деган Петро Колумбия пойтахтида Халқаро меҳнаткашлар кунига бағишланган маршда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябрь ойида Боливия Исроил билан барча дипломатик алоқаларини узганди. Чили ва Колумбия эса ўшанда Исроилдаги элчиларини маслаҳатлашув учун чақириб олганди.
Муқаддасхон Саттарова