КХШТ қирғиз-тожик жанжалига аралашмоқчи
Олам
−
05 Октябрь 2022
7555Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги муаммони ва қуролли тўқнашувни ҳал этишда ўз ёрдамини таклиф қилмоқда. Бу ҳақда ташкилот Бош котиби Станислав Зась бугун, 5 октябрь куни Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашувда сўз очган.
Томонлар учрашувда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, Ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашган.
Жорий йил Коллектив хавфсизлик шартномаси имзоланганининг 30 йиллиги ва КХШТ ташкил этилганининг 20 йиллиги нишонланишини қайд этиб, Қирғизистон Президенти Ташкилотнинг юбилей йили КХШТга аъзо давлат – Тожикистон Республикаси томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилган ноқонуний ва бузғунчи хатти-ҳаракатлар соясида қолаётганидан афсусда эканини билдирган.
Президент Садир Жапаров КХШТ Бош котиби Станислав Засга Тожикистоннинг Қирғизистонга қарши қуролли тажовузи тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлишига, шунингдек, Боткен вилоятидаги фуқаролик ва ижтимоий инфратузилманинг улкан вайронагарчилигига олиб келгани ҳақида батафсил маълумот берган .
Ўз навбатида КХШТ Бош котиби Станислав Зась қирғиз-тожик давлат чегарасида содир бўлган сўнгги фожиали воқеалар муносабати билан ҳамдардлик билдириб, ташкилот ушбу инқирозли вазиятни ҳал қилишда ёрдам беришга тайёрлигини айтган.
КХШТ Бош котиби, шунингдек, Давлат раҳбарига ташкилотнинг низом органларининг бўлажак йиғилишларига ва 2022 йил кузида Арманистон Республикасида ўтказилиши режалаштирилган Коллектив хавфсизлик кенгаши сессиясига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берган.
Станислав Зась, шунингдек, Президент Садир Жапаровга КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгашининг бир қатор индивидуал кўрсатмаларининг бажарилиши юзасидан ҳисобот берди.
КХШТнинг бошланишига 1992 йил 15 майда Тошкентда (Ўзбекистон) Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари томонидан Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома имзоланиши билан асос солинган. 1993 йилда Озарбайжон, Беларусь ва Грузия КХШТга қўшилди. Кейинчалик ташкилот сафини Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон тарк этди. КХШТга аъзо бўлган ҳар қандай давлат ўз илтимосига биноан исталган вақтда КХШТдан чиқиш ҳуқуқига эга. Шартнома 1994 йилда кучга кирган пайтда КХШТнинг 9 та аъзоси бор эди, ҳозир эса 6 та.
2022 йилга келиб КХШТ тинчликпарвар кучлари сони 3600 кишини ташкил этмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь