КХДР Жанубий Корея билан чегарадаги қўшинларини жанговар ҳолатга келтирмоқчи
Олам
−
12 Октябрь
3482КХДР Жанубий Корея билан чегарадаги қўшинларини жанговар шай ҳолатга келтириши мумкин. Бу ҳақда Шимолий Корея Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилди.
Вазирлик маълумотига кўра, 3, 9 ва 10 октябрь кунлари Жанубий Корея дронлари Шимолий Корея пойтахти Пхеньян устида пайдо бўлиб, кўплаб ташвиқот варақаларини тарқатган. Бироқ “Yonhap” агентлиги Жанубий Корея Бош штаб бошлиқлари қўмитасига таяниб, Пхеньян томонидан берилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини хабар қилди.
“Ҳарбий вазирлик, Бош штаб, ҳарбий кучлар ҳар қандай вазиятни эътиборга олиб жавоб беришга тайёргарлик кўришни бошлади. Энг аввало, Жанубий Кореянинг ҳарбий тузилмасини йўқ қилиш ва жанубий чегара ҳудудларида жойлашишни таъминлаш учун мўлжалланган барча ҳужумкор воситалар ўз бурчларини ҳар қандай вақтда бажаришга тайёр бўлади", дейилади КХДР ТИВ баёнотида.
Бундан ташқари, вазирлик Жанубий Кореяни провокацияларни давом эттирса, даҳшатли вазиятга дуч келишидан огоҳлантирган.
Шимолий Кореянинг давлатга қарашли ахборот агентлиги дрон ва ундаги варақалар тасвирларини эълон қилган. Уларда “сотиб олишингиз мумкин бўлган озиқ-овқатларни таққосланг” ва “Шимолий Корея иқтисодиёти жаҳаннамга қуламоқда” каби ёзувлар мавжуд.
Маълумот учун, кўп йиллардан бери жанубий кореялик фаоллар ва Шимолий Кореядан қочиб ўтганлар шарларга Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни танқид қилувчи тарғибот материалларини юклаб, КХДР томонга юбориб келади. Шарларга K-pop қўшиқлари ва Жанубий Корея телекўрсатувлари юкланган USB флеш-дисклар ҳам қўшилади — буларнинг барчаси қаттиқ изоляцияланган мамлакатда қатъиян тақиқланган. Баъзи фаоллар ҳатто GPS трекерлари билан жиҳозланган ақлли шарлардан фойдаланган. Улар эса юзлаб километрларни босиб ўта олади.
Бунга жавобан Шимолий Корея 2023 йил май ойидан бери Жанубий Кореяга мингдан ортиқ чиқинди ва қуртлар билан тўлдирилган шарларни юбориб келади. Бундан ташқари, 2022 йилда Шимолий Корея ҳам Жанубий Корея ҳаво ҳудудига бешта дрон юборган. Улардан тўрттаси Гангхва ороли устида, яна бири эса Сеулнинг шимолий ҳаво ҳудуди устидан учган.
2020 йилда Жанубий Корея Шимол билан мулоқотни ривожлантиришга интилган либерал ҳукуматнинг талаби билан мамлакатга қарши тарғибот варақаларини чегарадан ошириб юборишни жиноят деб ҳисобловчи қонун қабул қилган. Аммо, кўплаб фаоллар бу қонунни эътиборсиз қолдирган. Шундан кейин, қонун Шимолий Кореядан қочиб ўтган фаоллар шикояти асосида суд томонидан бекор қилинган ва суд уни сўз эркинлигини ҳаддан ташқари чекловчи қонун деб атаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шимолий Корея ахлат билан тўлдирилган шарларни Жанубий Корея томон учиргани хабар қилинган эди. Шарлар ичида асосан қоғоз ва пластмасса чиқиндилари борлиги ҳамда улар соғлиқ учун хавф туғдирмаслиги маълум бўлган.