КХДР Япон денгизига саккизта ракета учирди 

Олам

image

Бугун, 5 июнь куни Шимолий Корея Япон денгизи томон саккизта қисқа масофали баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея Бирлашган штаб бошлиқлари қўмитаси хабар берди

“Жанубий Корея армияси бугун, 5 июнь куни соат 9:08 дан 9:43 га қадар Шимолий Корея томонидан Пхеньяндаги Сунан аэропорти ҳудудидан ва бошқа жойлардан саккизта қисқа масофали баллистик ракеталарнинг учирилишини қайд этди”, дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, Жанубий Корея ҳарбийлари АҚШ билан ҳамкорликда мудофаа шайлигини сақлаб, воқеалар ривожини кузатиб боради.

Япония Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, снарядлар 300 дан 400 километргача учиб, максимал баландлиги 50 дан 100 километргача етган.

Айтиш жоизки, бу Шимолий Кореянинг жорий йил бошидан бери ўтказган 18-ракета синови ҳисобланади. 

Охирги маротаба жорий йилнинг 25 май куни Шимолий Корея Япон денгизига учта баллистик ракета учирган. Жанубий Корея ҳарбийларига кўра, улардан бири қитъалараро, қолган иккитаси эса қисқа масофали баллистик ракеталар бўлган. Шу билан бирга, битта қисқа масофали ракетанинг учирилиши муваффақиятсиз тугаган. Пхеньяннинг синовларига жавобан Жанубий Корея ва Америка Япон денгизи томон иккита ракета учирган.


Мақола муаллифи

Теглар

КХДР

Баҳолаганлар

331

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг