КХДР Россияга йилига 3 миллионта снаряд етказиб бермоқда – “The Times”
Олам
−
05 Октябрь
4662Шимолий Корея Россияга йилига тахминан 3 миллион дона снаряд етказиб бермоқда. Ушбу кўрсаткич Россия армияси Украинадаги урушда фойдаланаётган барча ўқ-дориларнинг ярмига тенг. Бу ҳақда “The Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, КХДРдан келаётган ўқ-дориларнинг сифати паст бўлишига қарамай, уларнинг умумий миқдори Россия қўшинларига снаряд етишмовчилигини бартараф этишга ва фронтда, масалан, Угледарнинг эгалланиши каби муваффақиятларга эришишга ёрдам берган.
Украина разведкаси раҳбари Кирилл Будановга кўра, КХДРдан снарядларнинг етказиб берилиши Россияга самарали фойда келтирмоқда. Шунингдек, Россиянинг барча иттифоқчилари ичида Украина учун энг катта муаммо Шимолий Корея. Пхеньян етказиб бераётган ҳарбий маҳсулотлар ҳажми шундайки, улар жанговар ҳаракатлар интенсивлигига бевосита таъсир кўрсатмоқда.
Нашрга кўра, 2023 йил августдан 2024 йил январгача бўлган даврда Узоқ Шарқдаги иккита портдан Россиянинг Украинага чегарадош 16 аҳоли пунктига 74 минг тонна портловчи моддалар етказиб берилган. Бу миқдор Россия урушда ишлатган 1,6 миллион дона артиллерия снарядлари вазнига тенг. Маълумотларга кўра, бу юклар ўқ-дорилар сифатида белгиланган бўлса-да, ҳужжатларда улар портловчи моддалар деб қайд этилган. Айнан шу даврда Россиянинг юк кемалари Узоқ Шарқ ва КХДР ўртасида қатнаб юрган.
Қайд этилишича, Украинадаги уруш фонида бошланган икки давлатнинг ҳамкорлиги 2023 йил сентябрь ойида Ким Чен Иннинг Россияга ташрифи ортидан янги суръат олган ва 2024 йил ёзида янада кучайган. Айни даврда Россия Президенти Владимир Путин 24 йил ичида биринчи марта Пхеньянга борган. Жорий йилнинг 19 июнь куни давлат раҳбарлари стратегик ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаган. Ҳужжатга кўра, Россия ва Шимолий Корея мамлакатларидан бирига тажовуз уюштирилса, бир-бирларига ёрдам кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2022 йил ўрталаридан бери Шимолий Корея Россияга ичида қурол-яроғ бўлиши мумкин бўлган 13 минг денгиз контейнерини жўнатгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь