КХДР ракета синовини муваффақиятли ўтказганини эълон қилди
Олам
−
27 Июнь
3823Шимолий Корея алоҳида бошқариладиган каллакларга эга ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 27 июнь куни Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Шимолий Корея алоҳида манёврли каллакларга эга ракеталарни яратиш доирасида муҳим синовни муваффақиятли ўтказган. Синов кеча, 26 июнь куни қаттиқ ёқилғи билан ишлайдиган ўрта ва узоқ масофали баллистик ракетанинг биринчи босқичли двигатели ёрдамида ўтказилган.
Таъкидланишича, ракетанинг жанговар каллаклари муваффақиятли ажратилган ва олдиндан белгиланган учта нишонга аниқ мўлжалланган.
“Синовдан мақсад бир нечта жанговар каллаклар ёрдамида турли нишонларни йўқ қилиш қобилиятини таъминлаш эди”, дейилади хабарда.
Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ракета учирилишини БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузиш ва жиддий таҳдид сифатида қоралади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея ўзининг шарқий қирғоқлари томон гипертовушли ракета учирганини, бироқ у ҳавода портлаганини маълум қилганди.