КХДР АҚШ сайловлари олдидан денгиз томон баллистик ракеталар учирди
Олам
−
05 Ноябрь
2509Бугун, 5 ноябрь куни Шимолий Корея Шарқий денгиз томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди. Бу ҳақда Жанубий Корея ҳарбийларига таянган ҳолда ABC News хабар берди.
Қайд этилишича, қуроллар намойиши АҚШдаги президентлик сайловидан бир неча соат олдин бошланган.
Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасининг хабар беришича, ракеталар 250 миля масофани босиб ўтган, бироқ уларнинг қанчаси ҳавога отилганига аниқлик киритилмаган. Япония Бош вазири Сигэру Исиба эса улар мамлакатнинг эксклюзив иқтисодий зонаси ташқарисидаги ерларга қўнгани ва ҳозирча зарар ҳақида хабар йўқлигини айтган.
Ушбу ҳолат Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин АҚШ материгига етиб бориш учун мўлжалланган мамлакатнинг энг янги қитъалараро баллистик ракетасининг парвоз синовини назорат қилганидан бир неча кун ўтиб амалга оширилган. Унга жавобан Қўшма Штатлар 3 ноябрь куни Жанубий Корея ва Япония билан уч томонлама машғулотларда узоқ масофали B-1B қирувчи самолётини учирганди.
Жанубий Корея расмийлари Шимолий Корея Вашингтон эътиборини тортиш учун АҚШдаги президентлик сайловлари атрофида ўз ҳарбий намойишларини тўплаши мумкинлигини айтган. Жанубий Корея ҳарбий разведка агентлиги ўтган ҳафта Шимолий Корея ҳам еттинчи ядро синовига тайёргарликни якунлагани ҳақида маълумот берди.
Чет элдаги расмийлар ва таҳлилчиларнинг фикрича, Шимолий Корея охир-оқибат АҚШнинг янги президенти сайланганидан кейин санкцияларни юмшатиш каби имтиёзларга эришиш учун кенгайтирилган ядро арсеналидан фойдаланишга умид қилмоқда.
Маълумот учун, Ким Чен Ин 2018-2019 йилларда ядровий дипломатия билан шуғулланган Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трампнинг ғалаба қозонишини афзал кўриши ҳақидаги фикрлар кенг тарқалганди. Камола Ҳаррис бунга жавобан Трампни қўллаб-қувватлаётган Ким Чен Ин кабиларга кўз юмиб кетмаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Жанубий Корея ва АҚШ Мудофаа бошлиқлари Шимолий Кореянинг Россияга қўшин киритганини биргаликда қоралаганидан бир неча соат ўтгач, Пхеньян Япон денгизи томон қитъалараро баллистик ракета учирганди.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси