Киевдаги болалар шифохонасига урилган ракетанинг қисмлари АҚШда ясалган – “Financial Times”
Олам
−
10 Июль
15879Украина пойтахти Киевдаги Охматдет болалар шифохонасига зарба беришда Россия қўшинлари томонидан қўлланган Х-101 стратегик қанотли ракетасини тайёрлашда АҚШ ва Швейцарияда ишлаб чиқарилган 16 та компонентдан фойдаланилган. Бу ҳақда Украинадаги ўз манбаларига таяниб, “Financial Times” ёзмоқда.
Газетада ёзилишича, экспертларнинг бундай фикрга келишига Россия ҳаво қўшинларининг жорий йил январь ойида қилинган ҳужумларида фойдаланган Х-101 га ўхшаш ракета қолдиқлари туртки бўлмоқда. Ракета ясалишида Швейцариянинг STMicroelectronics компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иккита компонент ва Intel, Texas Instruments, Analog Devices ва бошқа компанияларнинг 14 та Америка компонентлари мавжуд.
“Санкциялар Россияни баъзи илғор компонентлардан узиб қўйган бўлса-да, Кремлнинг мудофаа сектори микропроцессорлар ва ҳарбий мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланмаган бошқа илғор технологияларга мурожаат қилди”, деб ёзади FT.
Нашр шунингдек, барча Ғарб компонентлари биринчи навбатда фуқаролик мақсадларида фойдаланиш учун мўлжалланганлиги ва уларнинг баъзилари анча эски эканлигини таъкидлайди. Шу билан бирга, нашр қўлга киритган Россия ҳужжатларида эҳтиёт қисмларнинг Хитой, Малайзия, Филиппин, Тайван ёки Таиландда ишлаб чиқарилганлиги баён қилинган.
Украина Президенти девони томонидан газетага тақдим этилган қоғозларда эса Х-101 ракетаси таркибида хорижда ишлаб чиқарилган 50 дан ортиқ турли қисмлар бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июль куни Россиянинг ракета зарбалари Украина шаҳарларидаги асосий нишонларга, жумладан Киевдаги болалар шифохонасига теккани хабар қилинганди. Буюк Британия, Франция, Эквадор, Словения ва АҚШ бутун Украина бўйлаб кўплаб касал болаларни даволашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган шифохона ўққа тутилиши сабабли БМТни Хавфсизлик Кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков эса Киевдаги болалар шифохонасига Россия ҳужум қилганини рад этиб чиқди.
LiveБарчаси