Киев Эрон дрони бўйича текширувни талаб қиляпти

Олам

image

Россия томонидан Эроннинг “Mohajer” ва  “Shahed” серияли камикадзе дронларини етказиб бериш бўйича тергов зудлик билан бошланиши керак. Бу ҳақда Украинанинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Христина Гайовишин БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди.

Гайовишин барча давлатларни Эрондан Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушида қўлланилиши мумкин бўлган бундай учувчисиз учоқлар, ракеталар ёки оддий қуролларни етказиб беришни тўхтатиш бўйича ҳар қандай чораларни кўриб чиқишга чақирди. 

Дипломатнинг эслатишича, Украина 14 октябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашига тегишли мустақил тергов бошлаш илтимоси билан расман мурожаат қилган. 

“Биз ўз мактубимизда Эрон томонидан “Mohajer” ва  “Shahed” русумли учувчисиз учоқларни Россияга топшириши билан боғлиқ хавотирли вазиятга, хусусан, 2022 йил август ойи охирида эътибор қаратдик”, дейди доимий вакил ўринбосари.  

Унинг сўзларига кўра, Украина Хавфсизлик Кенгашига Россия томонидан Эроннинг узоқ масофали учувчисиз учоқларидан тинч аҳоли ва инфратузилмага ҳужум қилиш учун фойдаланилгани ҳақида маълумот берган. 

“Бу Хитой, Франция, Германия, Буюк Британия, АҚШ, Европа Иттифоқи ва Россия томонидан имзоланган ва кейин 2015 йилдаги 2231-сонли БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан тасдиқланган Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини қўпол равишда бузишдир”, дея қўшимча қилди Гайовишин. 

Унинг таъкидлашича, терговга тўсқинлик қилиш учун БМТ Низоми қоидаларини атайлаб суиистеъмол қилиниши котибиятга ўз масъулиятидан қочиш учун босим ўтказишга очиқ уринишдир.

Эслатиб ўтамиз, август ойи охирида “The Washington Post” газетаси Эрон Украинадаги уруш учун дронларнинг биринчи партиясини Россияга топширгани ҳақида хабар берган эди. Украина Қуролли кучлари Россия томонидан Украина шаҳарларига ҳужум қилиш учун Эрон “Shahed” камикадзе-дронларидан фойдалангани ҳақида бир неча бор хабар берган. 

17 октябрь куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги камикадзе-дрон ҳужумлари туфайли Эронни “Россиянинг Украинага қарши жиноятларида шерик” деб атади. 

Президент Владимир Зеленский G7 давлатларининг фавқулодда йиғилишида сўзлаган нутқида Россия Теҳрондан яна 4000 та дрон буюртма қилганини айтди. Шунинг учун у Киевга ҳаво ва ракета ҳужумига қарши мудофаа соҳасида ёрдам сўраб мурожаат қилди. 

Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов “Обозреватель” нашрига берган интервьюсида Россия Эрондан 1750 дона ҳажмдаги дронларнинг биринчи партиясини буюртма қилгани, кейин ишлаб чиқариш ва Россияга етказиб бериш учун вақт талаб қиладиган янги буюртмалар бошлангани ҳақида маълум қилганди. 

“Улар аста-секин уларни тугатмоқда, эронликлар янгиларини ясамоқда, аммо масаланинг бошқа томони ҳам бор: биз барча дронларнинг тахминан 70 фоизини доимий равишда уриб туширамиз”, дейди Буданов. 

Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 18 октябрь куни Украинада Россия қўшинлари Эрон дронларидан фойдалангани ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

42

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг