Кимё бўйича Нобель мукофоти ғолиблари эълон қилинди
Бу қизиқ
−
17:11 1086 3 дақиқа
Стокгольмда кимё соҳасидаги Нобель мукофоти лауреатлари эълон қилинди. 2026 йилда бу мукофотга франциялик Анри Каган ва япониялик Кэнсо Соаи сазовор бўлди. Бу ҳақда Нобель қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, улар “ассимметрик органик синтезда чизиқли бўлмаган эффектлар ва автокатализни кашф этгани учун” Нобель мукофоти билан тақдирланади. Лауреатларнинг иши шунчаки кўзгудош изомерларга эга моддаларни олиш усулларини ишлаб чиқиш билан чекланиб қолмаган – турли изомерларни тозалашнинг амалий усуллари бунга қадар ҳам мавжуд эди. Ушбу тадқиқот кимёвий реакцияларда бирикманинг у ёки бу кўзгудош вариантининг ортиқча миқдори қандай қилиб ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкинлигини тушунтиришга ёрдам берди. Бундай ортиқча миқдор деярли фақат ферментлар томонидан синтез қилинадиган табиий бирикмаларда учрайди. Масалан, барча табиий шакарлар фақат ўнг (D) вариантга, аминокислоталар эса чап (L) вариантга эга.
Узоқ вақт давомида оддий кимёвий реакцияларда бир изомернинг бошқасидан устунлигига (ортиқча миқдорига) эришиш имконсиз деб ҳисобланган, аммо лауреатларнинг тадқиқотлари бундай эмаслигини кўрсатди. Реакция маҳсулотлари мувозанатни вариантлардан бирининг фойдасига суриш хусусиятига эга бўлган ҳолатда, автокатализ эффекти юзага келади ва изомерлардан бири устунликка эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда кимё бўйича Нобель мукофоти “металлорганик каркас тузилмаларни ишлаб чиққани учун” олимлар Ричард Робсон, Сусуму Китагава ва Омар Ягхига берилган эди.
Нобель ҳафталиги
Кеча, 5 октябрь куни 2026 йилги Нобель мукофотлари лауреатларини эълон қилиш ҳафталиги бошланди. Ҳафталик жадвали қуйидагича:
- Физиология ва тиббиёт – душанба, 5 октябрь;
- Физика – сешанба, 6 октябрь;
- Кимё – чоршанба, 7 октябрь;
- Адабиёт – пайшанба, 8 октябрь;
- Тинчлик мукофоти – жума, 9 октябрь;
- Иқтисодиёт фанлари – душанба, 12 октябрь.
Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Ихтирочи, тадбиркор ва бизнесмен Альфред Нобель ўз васиятида капиталини инсониятга энг катта наф келтирганлар учун мукофотларга йўналтиришни буюрган эди. Мукофот билан у энг кўп қизиққан соҳалар: физика, кимё, физиология ва тиббиёт, адабиёт ва тинчлик йўналишидаги алоҳида ютуқлар эътироф этилар эди.
Кейинчалик ушбу ғояни амалга ошириш бўйича узоқ муддатли ишлар бошланди ва 1901 йилдаёқ дастлабки Нобель мукофотлари топширилди. 1969 йилда яна бир мукофот – Швеция марказий банки томонидан ўзининг уч юз йиллик юбилейи муносабати билан таъсис этилган Альфред Нобель хотирасига бағишланган иқтисодиёт фанлари бўйича мукофот пайдо бўлди. Янги лауреатларнинг номлари ҳар йили октябрь ойида эълон қилинади.
Нобель жамғармаси уставига кўра, ҳар бир лауреат олтин медаль олади. Унинг олди томонида Альфред Нобель портрети зарб қилинган бўлиб, орқа томонининг дизайни мукофотни айнан қайси муассаса топширишига боғлиқ.
Ҳар бир диплом бетакрор санъат асари – унинг безатилишини лауреат ташкилотлар тасдиқлайди. Адабиёт соҳасидаги ҳужжат пергаментда (махсус ишлов берилган чармда) ўрта аср иллюстраторлари техникасидан фойдаланган ҳолда яратилади. Бошқа лауреатлар учун дипломлар буюртма асосида тайёрланган қўл иши қоғозида чоп этилади.
Бугунги кунда битта Нобель мукофотининг миқдори 12 миллион швед кронасига (1,2 млн доллар) тенг. Мукофот кўпи билан учта лауреат ўртасида бўлиниши мумкин.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь