Ким СИга асосланган янги қанотли ракетани синаб кўрди
Олам
−
27 Май 2885 2 дақиқа
Шимолий Корея сунъий интеллект (СИ) технологияларидан фойдаланадиган кўп мақсадли енгил ракеталарни учиришнинг янги тизимини ва тактик қанотли ракеталарнинг ялпи ўт очиш тизимини синовдан ўтказди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги (КМТА) хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, янги тактик қанотли ракета юқори аниқликдаги автоном навигация ва топографик мослаштириш (харитани солиштириш) тизими билан бирлаштирилган, СИ базасидаги якуний йўналтириш функцияси билан жиҳозланган.
Қайд этилишича, ракета режалаштирилган ва двигателли парвознинг комбинациялашган схемасидан фойдаланган ҳолда 100 километргача бўлган масофадаги нишонларга юқори аниқликда зарба беришга қодир.
Синовларни Ким Чен Иннинг шахсан ўзи кузатган. У янги ишланманинг ҳарбий аҳамиятини юқори баҳолаган ва ўт очишни бошқариш ҳамда бошқа қурилмаларни автоматлаштиришнинг янгиланган тизимлари замонавий жанг шароитларига мослаштирилганини таъкидлаган.
КМТА хабарига кўра, янги қуролларни Шимолий Кореянинг жанубий чегара ҳудудидаги узоқ масофали артиллерия бўлинмаларига топшириш режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 14 апрель куни Ким Чен Ин эсминецдан (ҳарбий кемадан) иккита стратегик қанотли ракета ва учта кемага қарши ракета учирилишини кузатган эди. Бу ракеталар Ғарбий Корея қўлтиғи устидан учиб ўтиб, нишонларни ўта аниқ зарба” билан вайрон қилган.
Кейинчалик Шимолий Корея етакчиси КХДР ҳарбий-саноат мажмуасининг сўнгги йилларда эришган муваффақиятларидан “катта мамнуният” изҳор этган.