Ким Шимолий Кореяда халқаро даражадаги курорт зонасини очди (фото)

Олам

image

Шимолий Кореянинг Калмаский яриморолида жойлашган Вонсан-Калмас курорт зонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Тантанали тадбир жорий йилнинг 24 июнь куни ўтказилган. Курортнинг рамзий очилиши муносабати билан қизил лента КХДР раҳбари Ким Чен Ин томонидан кесилган.

Расмий хабарда айтилишича, туристик ҳудудда бир вақтнинг ўзида 20 минг кишига хизмат кўрсатишга мўлжалланган меҳмонхоналар ва дам олиш масканлари қурилган бўлиб, улар маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг истакларига мос равишда танлаш имконини беради.

Курорт ҳудудида денгизда чўмилиш учун иншоотлар, спорт ва ўйинлар учун майдончалар, шунингдек, маданий дам олиш жойлари, савдо расталари ва умумий овқатланиш нуқталари ташкил этилган.

Нашрга кўра, туристик зона 1 июлдан бошлаб маҳаллий фуқароларни қабул қила бошлайди. Хорижий сайёҳлар учун кириш қачон рухсат этилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ким Чен Ин Россияни қурол билан таъминлаш учун КХДР тарихидаги энг катта ҳарбий заводни қуришни буюрганди. Улкан объектнинг қурилиши аллақачон бошланган ва у мавжуд мудофаа корхонаси яқинида олиб борилмоқда. Янги ишлаб чиқариш цехларидан бири ёнидаги иншоотдан икки баравар катта ва мамлакатдаги энг йириги бўлиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин Шимолий Корея

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг